Shialik


Шиалик (арабча: شيعة ши’а — гуруҳ, тарафдорлар) — исломдаги йўналишдан бири. Ушбу диний вакиллари Али ибн Абу Толиб (Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси, куёви, саҳобаси ва ўринбосари) ҳамда унинг авлодларини Муҳаммад пайғамбарнинг қонуний меросхўрлари ва диний жиҳатдан давомчилари деб ҳисоблашади.
Шиа сўзининг маъноси
Шиа (ши’а) сўзи араб тилидан таржима қилинганда „издош“ ёки „тарафдор“ деган маънони англатади.
Ушбу сўз Қуръонда ҳам мавжуд бўлиб, Иброҳим пайғамбар „Нуҳ пайғамбарнинг шиаси, яъни тарафдори ва издоши“ деб айтилган.
﴿وَإِنَّ مِنْ شِيعَتِهِ لَإبْرَاهِيمَ﴾
„Ҳақиқатан, Иброҳим ҳам у [Нуҳ]нинг тарафдорларидандир“.
(Саффот сураси, 83-оят)
„Шиа“ сўзи истилоҳда мусулмонларнинг шундай бир гуруҳига айтиладики, уларнинг эътиқоди бўйича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин ўринбосар ва халифани тайинлаб кетганлар, милодий 632-йил Зулҳижжа ойининг 18-куни „Ғадийр Хум“ деган жойда бутун мусулмонларнинг кўз ўнгида ўзларидан кейинги сиёсий, диний ва илмий раҳбарни тайин этганлар ва бу инсон Али дир.
Муҳаммад пайғамбарнинг вафотларидан сўнг мусулмонлар — муҳожир ва ансорларнинг иккига бўлинишига қуйидагилар сабаб бўлган:
Бир гуруҳ мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам халифалик (ўринбосарлик) масаласига эътиборсиз бўлмай, ўзларидан сўнг Ислом умматига раҳбар ва йўлбошчи тайин этганлар, деб иймон ва ишонч ҳосил қилишган, у ҳам бўлса пайғамбарга энг биринчи иймон келтирган инсон — Али ибн Абу Толибдир.
Ушбу гуруҳ муҳожир ва ансордан ташкил топган инсонлар бўлиб, уларнинг бошлиқлари Бану Ҳошим авлодлари ва бошқа буюк саҳобалардир. Чунончи; Аммор ибн Ёсир, Салмон Форсий, Абу Зар Ғифорий, Миқдод ибн Асвад, Ҳубоб ибн Арат ва бошқалар ушбу гуруҳдан эдилар. Булар Расулуллоҳнинг кўрсатган йўлларида қолиб, ҳазрати Алига эргашганликлари сабабли „Ший’атун Али“ („Алининг шиаси“) деб ном олдилар.
Бу хусусда ҳадис ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра Муҳаммад ҳаётлик чоғларида ҳазрати Али(розияллоҳу анҳу)га эргашганларга „Шиа“ номини берган эдилар ва бу хусусида Али ибн Абу Толибга ишора қилиб шундай деб марҳамат қилган эдилар:
„والَّذِي نَفسِي بِيَدِه، أنَّ هَذَا وَشِيعَتَهُ لَهُمُ الْفَائِزُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ“
„Албатта менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, мана бу [Алига ишора қилиб] ва унинг шиалари Қиёмат кунида нажот топувчилардир“. [Жалолуддин Суютий, „Ад-дуррул мансур“, 6-жилд, Ал-Баййинаҳ сурасининг 7-ояти тафсирида].
Шундай қилиб, Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларнинг бир гуруҳи имомат ва пешволик мақоми ҳам худди пайғамбарлик мақоми сингари Аллоҳ таоло томонидан тайин этилган, деган ақидага эга бўлганлари боис, улар „Шиа“ номи билан танилганлар. Ушбу тоифа мусулмонлар ҳозирги кунга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатган йўлларидан бориб, ул зотнинг Аҳли-Байтларига эргашиб келмоқдалар.
Иккинчи гуруҳ мусулмонларининг эътиқодига кўра, халифалик мансаби сайлов йўли билан аниқланади. Бу гуруҳ вакиллари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни халифа қилиб сайлашган ва кейинчалик „Аҳл ас-Сунна вал-Жамоа“ (Аҳли суннат") ёки „Аҳли тасаннун“ номини олишган.
Охир-оқибат, Ислом оламидаги бу икки тоифанинг фиқҳий ва эътиқодий масалаларда умумий ва ўхшаш томонлари кўп бўлишига қарамай, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг халифалик масаласида улар ўртасида ихтилоф юзага келди ва юқорида айтиб ўтганимиздек, бу икки гуруҳнинг илк шахслари муҳожир ва ансорлардан ташкил топган саҳобалар эди.
Шиалик эътиқоди: Усулиддин
Шиалик йўналишидаги мусулмонларнинг дунёқараши, таъбир жоиз бўлса, уларнинг борлиқ ва воқеликка нисбатан бўлган ғояси бошқа тоифадаги мусулмонлардан фарқланиб, улар диннинг қуйидаги асосларига ёндашадилар:
1. Тавҳид (Аллоҳнинг ягоналиги ёхуд яккахудолик)
2. Аллоҳнинг одиллиги (Аллоҳ адолатли зотдир)
3. Нубувват (пайғамбарларга иймон)
4. Имомат (умматга раҳнамолик қилиш илоҳий мансабдир)
5. Маод (қиёмат ва қайта тирилишга ишонмоқ)
Аҳли-Байт мазҳабига бўйин эгган мусулмонларнинг ақийдаси бўйича, юқорида зикр қилинган диннинг асослари ислом оламидаги эътиқоднинг негизини ташкил этиши шубҳасиздир. Шу боис, исломдаги бошқа мазҳабларнинг эътиқодида ўрин топган дин асосларидан фарқли равишда Аҳли-Байт мазҳабининг эътиқод мажмуида Аллоҳнинг одиллиги ва имомат ҳам ақоид асосларидан ҳисобланади.
Шиалик ВИИ аср охирларига келиб Ироқ ва Эронда кенг тарқалган. Шиалик аввал фақат сиёсий ҳаракат сифатида шаклланган бўлсада, кейинчалик ақидавий ва фиқҳий масалаларда турли ўзига хос жиҳатлар пайдо бўлди. Бунинг натижасида Шиа ҳам мустақил оқим сифатида фаолият кўрсата бошлади. Шиаликда мусулмонлар жамоаси ёки давлатида фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам авлоди (Али ва Фотимадан тарқалган авлодлари) ҳукмрон бўлиш ҳуқуқига эга деб ҳисобланади. Уларнинг таълимотига кўра, раҳбар жамоа томонидан сайланмай, раҳбарлик мерос сифатида ўтади. Имомлик пайғамбарлик каби илоҳий мансаб ҳисобланади. Шиаликка кўра, пайғамбар вафотидан кейин халифаликка Абу Бакр розияллоҳу анҳутайинланади. Шиа тарафдорлари (шиалар) суннийлар каби Қуръонни илоҳий деб эътироф этади, лекин уларнинг айрим ўта реаксион руҳдаги вакиллари халифалар даврида Қуръоннинг айрим қисмлари тушириб қолдирилган деб ҳисоблайди. Шиа илоҳиётчилари Қуръоннинг мазмунини мажозий шарҳлаш орқали ўз таълимотларини асослайди. Улар фақат Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодлари томонидан ривоят қилинган ҳадисларни тан олади. Бундай ҳадислардан иборат тўплам тузилиб, у ахбор деб аталган. Шиаликда 8 та ақидага эътиқод қилинади. Булар — тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш), адл (адолат, Аллоҳнинг одиллиги, яъни тақдир ақидаси), нубувват (пайғамбарлик), имомат (имомлик — имомлар ҳокимиятини эътироф этиш), Амри маъруф (яхшиликка буюриш), Наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш), тавалло (Аллоҳ дўстларини дўст тутиш), табарро (Аллоҳ душманларидан узоқланиш). Шиаликда Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан иборат ўн икки имом ҳокимияти тан олинади. 874—878 йиллар орасида 7—9 ёшида бедарак йўқолган 12-имом Муҳаммад ал-Маҳдийни шиалар „яширинган“ ҳисоблайди, замона охир бўлганда унинг қайтиб келишини ва адолат ўрнатишини кутади (имоми Маҳдий, имоми охир замон). Шиаликда 12 имомлик (исноашария) Али ибн Абу Толибдан бошланиб, унинг Фотимадан бўлган ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнга ўтади ва Муҳаммад ал-Маҳдийга бориб тугайди. Шунинг учун Шиаликдаги исноашарийлар фирқаси „ўн икки имомни эътироф қилувчилар“, деб номланган. Исноашарийларнинг баъзилари Алини Пайғамбардан афзал деб эътиқод қиладилар ҳамда Али ва унинг 11 авлоди инсонларга ризқ бериб туради, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, Али ва унинг авлодлари Пайғамбардан кейинги Аллоҳнинг ҳужжатларидир. Уларнинг буйруқлари, тақиқлари Пайғамбарнинг буйруғи, тақиқидир, уларга итоат қилиш — Пайғамбарга итоат қилишдир, уларга бўйсунмаслик — Пайғамбарга исён қилишдир. Уларнинг жасадлари нуронийликлари сабабли қабрларда чиримайди ёки баъзиларининг эътиқодига кўра, осмонга кўтарилади. Шиалар суннийлар каби Макка ва Мадинани муқаддас ҳисоблаш билан бирга, Карбало, Нажаф шаҳриларида жойлашган Шиа имомлари қабрларини ҳам зиёрат қилади. Шиаликда 1 та диний-ҳуқуқий мазҳаб — жаъфарийлик мавжуд. Шиалар имом Ҳусайнга мотам тутади, „шахсейвахсей“ деб ном олган мотам юришлари ўтказади ва ҳоказолар. Ўрта асрларда Шиалар ичида ихтилофлар юз берган, натижада кўп фирқалар вужудга келган. Булардан зайдийлар, исмоилийлар, ибодийлар ва бошқалар ҳозир ҳам мавжуд. Шиалар ҳозирги вақтда Эронда ҳукмрон эътиқод ҳисобланди. Ироқ, Сурия, Ливан, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонда шиалар бор. Озарбайжон ва Тожикистонда (Помирда исмоилийлар) аҳолининг муайян қисми Шиаликка эътиқод қилади. Самарқанд ва Бухорода ҳам Шиалар мавжуд
Адабиётлар
- Петрушевский И. П., Ислам в Иране в ВИИ—ХВ веках (курс лексий), Л., 1966;
- Прозоров С. М., Шиицкая (имамицкая) доктрина верховной власти, М., 1984;
- Ҳусниддинов З. М., Абдусатторов А.А, Исломдаги оқимлар: хорижийлик ва шиалик, Т" 2003.
- Абдулло Абдусатторов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |