Shilliq parda
Шиллиқ парда — одам ва ҳайвон организмидаги ҳазм ва нафас олиш аъзолари, сийдиктаносил системалари, бурун, ўрта қулоқ бўшлиқлари, безларнинг чиқарув йўллари ички юзасини қоплаб турувчи қават. Қалинлиги 0,5– 4 мм. Унинг юзаси шу соҳадаги безлар ишлаб чиқарадиган шиллиқ билан доимо намланиб туради, бу эса ҳужайраларни қуриб қолишдан сақлайди. Шиллиқ парда бир ёки бир неча эпителиал қаватдан, бириктирувчи тўқима ва мусқул пластинкалари (силлиқ мускул ҳужайраларидан ҳосил бўлган) дан иборат. Булардан сўнг Шиллиқ пардани ҳаракатга келтириб, уни бошқа тўқималардан ажратиб турадиган юмшоқ бириктирувчи тўқима жойлашган. Аъзолар фаолиятига кўра, Шиллиқ парда эпителийси кўп қаватли ясси, бир қаватли силиндрик, призматик, кубсимон, киприкли (нафас йўлларида), унинг юзаси эса силлиқ, бурмали, ворсинкали (мас, ингичка ичакда Шиллиқ парда бурма ва ворсинкалар ҳосил қилади) бўлиши мумкин. Шиллиқ парданинг асосий ва шиллиқ ости қаватларида қон ҳамда лимфа томирлари, фолликулалар, муртаклар, безлар, шунингдек, нерв охирининг тармоқлари бор. Шиллиқ парда безлари бир ва кўп ҳужайрали ҳамда мураккаб бўлиши мумкин.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |