Shish
Шиш — организм тўқималари ва бўшлиқларида кўп миқдорда суюқлик тўпланиши. Кўпинча бу ҳолат терида, тери ости ёғ қаватида, плевра парда ва қорин бўшлиқларида, юрак олди халтачасида, мояк ва ҳоказода кузатилади. Шиш суюқлиги сув, натрий ва калий тузлари, бирмунча миқдорда оқсил ҳамда лейкоцитлардан иборат. Лейкоцитлар, айниқса, яллиғланишга хос Ш.ларда кўп бўлади.
Капилляр томирлар орқали мунтазам равишда тўқима суюқлиғи билан қон плазмаси ўртасида алмашинув юз беради. Қон томирлар девори орқали атрофдаги тўқималарга суюқлик чиқиб туради. Агар атрофдаги тўқималарга томирлардан кўп миқдорда суюқлик чиқиб унинг сўрилиши қийинлашса ёки бутунлай тўхтаб қолса, шиш пайдо бўлади. Бу жараёнга томир йўллари ва атрофдаги тўқималарда натрий, калий ва оқсиллар миқдорининг ўзгариши имкон беради. Бундай ўзгаришлар томирларнинг кенг кўламда шикастланиши, веналарнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит, юрак етишмовчилиги, буйрак касаллигида (нефрит) қон оқимининг секинлашишида пайдо бўлади. Шиш кўпроқ, сув-туз алмашинувининг бузилишида юзага келиши аниқланган. Шиш тарқалишига кўра умумий ва маҳаллий бўлади. Умумий шиш гавданинг кўп қисмини эгаллаши, оёқ-қўл ҳамда танада бир текисда тарқалиши билан ифодаланади. Умумий шиш юрак етишмовчилигида, буйракнинг баъзи касалликларида, жигар сиррозида кузатилади. Умумий шиш қорин бўшлиғида қон айланишининг бузилиши, унда суюқлик тўпланиши — ассит билан кечади. Маҳаллий шиш кўпинча бирор вена қон томирининг эзилиши ёки яллиғланиш реаксияси натижасида пайдо бўлади.
Шишган аъзо, тана қисми ёки оёққўл катталашади ва шакли ўзгаради. Тери шишганда унинг эластиклиги камаяди, баъзан у оқариб, муздек бўлади (яллиғланиш ва баъзи аллергик шиш бундан мустасно). Шиш пайдо бўлганда у тананинг қаеридалиги ва ҳажмидан қатъи назар дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим.
Шиш кенг тарқалиб, танада узоқ сақланса тўқималарнинг озиқланиши бузилади ва организмга осонлик билан инфексия киради, бу эса яралар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундай вақтда терини мумкин қадар шикастланишдан сақлаш, уни ниҳоятда тоза тутиш зарур. Бунинг учун ички кийимни тезтез алмаштириб туриш, терини калий перманганат (маргансовка)нинг кучсиз эритмаси билан артиш ва бошқалар тавсия этилади. Тери ёрилганда ва шилинганда унга бриллиант яшилининг 1% ли эритмасини (зелёнка) суртиш керак.
Шиш сабаби шифокор томонидан аниқланган кишиларга кўпинча шаҳрининг ҳажми ва тарқалишини, кундалик қабул қилинаётган ҳамда чиқарилаётган суюқлик миқдорини назорат қилиб туриш, ош тузини чеклаш, баъзан таркибида калий кўп маҳсулотлар, (сутли маҳсулотлар, туршак, баргак ва ҳоказо) истеъмол қилиш буюрилади.
Юрак, жигар, буйрак касалликлари бор беморлар ўз вақтида шифокорга мурожаат этишса, бу уларда шиш пайдо бўлишининг олдини олишга имкон беради.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |