Шоҳнома, буюк форс-тожик шоири Абулқосим Фирдавсийнинг шоҳ асари.

Қадимги шоҳлар ҳақидаги ривоят, афсонавий ва эпик достонлардан иборат китоблар номи. Фирдавсий "Шоҳнома" асарини Сўғдда ва Сосонийлар империяси даврида мавжуд бўлган ривоятлар асосисда қайта ишланган.

Тахминан 963 -йил Абд ал-Муайяд Балхий насрий "Шоҳнома" ёзган. У билан айни вақтда Масъуд Марвазий ва Абу Али Балхийлар "Шоҳнома" битганлар. Балхий асарида Фирдавсий "Шоҳнома"сида тилга олинмаган Наримон, Сом, Оғуш, Ваҳодан, Кайшикан номлари билан боғлиқ лавҳалар мавжуд бўлган. Марвазий ўз "Шоҳнома" сини биринчи одам ва биринчи подшоҳ Каюмарсдан бошлаб, сомонийлар давлатининг охирги даври тасвири билан тугаллайди. Бу борада тўпланган катта тажриба ва йиғилган салмоқли материал асосида сомоний ҳукмдорлар буйруғи ва ҳомийлигида Абу Мансур Дақиқий назмий "Шоҳнома"га қўл урган. Бироқ у Зардушт, Гуштасп ва Аржасп достонларини — жами 1000 байт ёзган-да, фожиали равишда ўлдирилган.

Темурийзода Бойсунқур давридаги "Шоҳнома" нусхасидан расм

Дақиқий бошлаган ишни Абулқосим Фирдавсий ниҳоясига етказган: 50 подшоҳликдан иборат, 4 та сулола мисолида Эрон ва Турон халқларининг қарийб тўрт минг йиллик тарихи юксак маҳорат билан қаламга олинган 60 минг байт (120000 мисра)дан иборат муаззам "Шоҳнома" устида у 30 йилдан ортиқ вақт ишлаган. У энг қадимги даврлардан бошланиб, сосонийлар шоҳи Яздигард ИИИ даврида арабларнинг Эронга бостириб кириши билан якунланган. Фирдавсий "Шоҳнома"-си ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир кўрсатган, унга жавобан кўплаб "Шоҳнома"-лар ёзилиб, ўзига хос шоҳноманавислик анъанаси вужудга келган. Бу анъанани Асадий Тусий бошлаб берган: у 1066-йилда 145 боб, 9000 байтдан иборат "Гершаспнома" достонини яратган. қадимий Эроннинг афсонавий қаҳрамони бўлган Гершасп Жамшиднинг 6 - авлоди, Фирдавсий қаҳрамони Рустамнинг катта бобосидир. Фирдавсий "Шоҳнома"-сида Гершасп ҳақида батафсил тўхталмагани учун Асадий Тусий унинг фаолиятини кенг ёритишни мақсад қилган.

Фирдавсий вафотидан сўнг, "Шоҳнома" жиддий ўзгаришлар ва бузилишларга дуч келди.[1] Бизгача этиб келган форс тилидаги энг қадимги Шоҳнома рўйхати 1276-1277-йилларга тўғри келади. Шундай қилиб, у Фирдавсий вафотидан 250 йил ўтгач тузилган.[2]

11 — ХИИ асрларда "Барзунома", "Баҳманнома", "Қушнома", "Фаромурзнома" асарлари, кейинроқ — мўғуллар ҳужуми арафасида "Жаҳонгирнома", Қонеъий Тусийнинг "Салжуқнома"си, 1300-йилда қатл этилган шоир Робеъий Бушанжийнинг "Картнома"си, темурийлар даврида "Сомнома", Рустамнинг қизи Гушаспбонуга бағишланган 4 достон пайдо бўлган. Бу достонлар орасида энг салмоқлиси "Барзунома" бўлиб, унинг 2 нусхаси маълум: кичиги — 45, каттаси — 65 минг байт. Қўлёзмалари Париж ва Душанбеда сақланади. Унинг ўзбекча нусхалари ҳам мавжуд.

"Шоҳнома" таъсирида бир неча тарихий ва тасаввуфий достонлар ҳам яратилган: "Искандарнома"лар, мутасаввиф шоирлар ёзган панднома достонлар, "Шаҳаншоҳнома" номлари билан ижод қилинган асарлар шулар жумласидандир. Фақат Ҳамдуллоҳ Муставфий Қазвинийнинг "Зафарнома" китоби "Шоҳнома"нинг давоми бўлиб, 1335-йилгача бўлган тарихий воқеаларни ўз ичига олади. Соҳиб номли шоир ҳам 1320-йилда ёзилган "Дафтари дилкушо" асарида "Шоҳнома"-ни давом эттирган. Бадриддин Чочий ҳам 35 минг байтдан иборат "Шоҳнома" ёзган бўлсада, у ҳали топилган эмас. Турк шоири Узун Фирдавсий ҳам Боязидга атаб "Шоҳнома" ёзган. Лекин султон шоирга достонини ихчамлаштиришни буюрганидан аччиқланиб, унга қарши ҳажвия ёзиб, Хуросонга қочиб кетади.

Бағишловни ҳисобга олмаганда, Фирдавсий "Шоҳнома"-сида ислом динининг таъсири деярли йўқ. Ҳолбуки, унга эргашиб ёзилган "Шоҳнома"-ларда муаллифларнинг мусулмон эканлиги яққол сезилиб туради, баъзи достонларда баҳодирлар ҳатто ислом дини учун курашчилар сифатида тасвирланади. Шайбонийлар даврида ёзилган "Ҳовароннома"да шиалик мазҳаби учун кураш асосий ўринни эгаллайди ва ҳатто бош қаҳрамон ўрнини Ҳазрат Али эгаллайди. Бундан ташқари, бу достонларнинг барчаси учун хос хусусият уларда панд-насиҳат мотивининг устунлигидир. "Гершаспнома"нинг ҳам учдан бир қисмини панд-насиҳат ташкил этади. Бу асарларнинг бирортаси ғоявий-бадиий жиҳатдан Фирдавсий "Шоҳнома"-си даражасига кўтарила олмаган, адабиёт тараққиётида ҳам сезиларли рол ўйнамаган.

Манбалар

  1. ↑ Бертел'са Е.А. Предисловие // Фирдоуси. Шакҳ-наме. Критический текст. Т.1. Под редакцией Е.А.Бертел'са. М., 1960. С.9
  2. ↑ Бертел'са Е.А. Предисловие // Фирдоуси. Шакҳ-наме. Критический текст. Т.1. Под редакцией Е.А.Бертел'са. М., 1960. С.12

Адабиёт

  • Шомуҳамедов Ш., Шоҳ китоб ва унинг муаллифи, Т., 1992;
  • Ҳомидов Ҳ., "Шоҳнома"нинг шуҳрати, Т., 1991.
  • Эргаш Очилов.