Шоломалейхем (тахаллуси; асл номи Шолом Нохумович Рабинович) [1859.18.2(2.3), Украина, Переяслав шаҳри — 1916.13.6, Ню-Ёрк] — яҳудий ёзувчиси. Асосан, Россияда, 1914-йилдан АҚШда яшаган. Иврит, идиш ва рус тилларида ёзган. Ижодининг илк даврида рус ва яҳудий адабиётларидаги демократик анъаналарга эргашган. Асарларида чор Россиясидаги яҳудийлар ҳаёти, яҳудий доираларининг бойликка эга бўла бориши (капиталлашуви) акс этган ("Сендер Бланк ва унинг оиласи" романи, 1887); ёрқин миллий образлар силсиласи яратилган, булар: ўз хомхаёллари ва бойиш истаги қурбони бўлган ишбилармон ("Менахем Мендл" новеллалар туркуми, 1892), ҳалол меҳнаткаш, беғамбеташвиш халқ файласуфи ("Сутчи Теве" новеллалар туркуми,. 1894-1914), чор Россиясидаги оддий ижодкор шахс ва АҚШдаги яҳудий муҳожирлари тақдири ["Булбул Иоселе" (1889) ва "Адашган юлдузлар" (1909—11) романлари], АҚШга кўчиб кетаётган камбағаллар ("Болакай Мотл" қиссаси, 1907—16) ва бошқалар "Тўфон" романи (1906) 1905-йилдаги инқилобий воқеалар ҳақида, "Қонли ҳазил" романи (1913) эса Бейлис иши (ноҳақ айбланган яҳудий устидан суд жараёни)га жавоб тариқасида ёзилган. Умрининг охирги йилларида ёза бошлаган "Ярмаркадан" романи тугалланмай қолган. Ш.А. ижодида юмор ва лиризм уйғунлашиб кетган, аниқ руҳий ва маиший тафсилотлар, демократик нуқтаи назар ёрқин акс этган.