Шомил, Имом Шомил (1799, Доғистоннинг Гимра овули — 1871.4.2, Мадина) — Догистон ва Чеченистон тоғ халқларининг чор Россияси мустамлакачилари зулмига қарши муридийлик шиорлари остида ўтган ҳаракат (1834—59) раҳбари. 20-йилларда муридийликни тарғиб этган Ғози Муҳаммаднинг сафдошларидан бирига айланган. У билан, сўнгра Ҳамзатбек билан бирга тоғликларнинг подшо қўшинларига қарши қурашига раҳбарлик қилган. 1834-йил Ҳамзатбек ўлдирилгач, Ш. имом деб эълон қилинган ва 25 йил мобайнида Кавказдаги тоғ халқларининг курашини бошқарган (қаранг Кавказ урушлари). Ш. ўзига хос диний давлат —имомлик (имомат) барпо этган, ундаги дунёвий ва диний ҳокимият Ш. қўлида бўлган. Ш. подшо қўшинларига қарши кураш олиб борган ва 40-йилларда бир қанча йирик ғалабаларга эришган. 1859-йил 25 августда Ш. 400 муриди билан Гуниб овулида қамалда қолган ва 26 августда таслим бўлган. Ш. оиласи билан Калугага сургун қилинган. 1870-йил унга Маккага, ҳаж зиёратига боришга рухсат берилган. Маккага кетаётганда (Мадинада) вафот этган, алБоқия қабристонида дафн қилинган.