Шовул — торондошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик тури; сабзавот экини. Бўйи 30—75 см. Илдизи сершох. Илдиз олдидаги барг пластинкасининг туби юраксимон, юмалоқ ёки понасимон. Гуллари икки жинсли, барглари ингичка, наштарсимон, туби понасимон. Июн—июл ойларида гуллаб уруғлайди. Уруғи 2—3° да униб чиқади. Барги тез ўсади, биринчи йили 2 марта, кейинги йилларда 3—4 марта териб олинади. Таркибида оқсил, минерал тузлар, А, С, В витаминлари бор. Ш. совуққа чидамли, намсевар ўсимлик.