Сибир — Россия Федерацияси Осиё ҳудудининг катта қисмидаги табиий ўлка. Ғарбда Урал тоғлари, шарқда Тинч океан сувайирғичи тоғ тизмаларигача ва шимолида Шимолий Муз океани қирғоқларидан, жанубида Қозоғистоннинг сертепа даштлари ҳамда Монголия ва Хитой чегарасигача давом этади. Шимолидан жанубга 3500 км, ғарбдан шарққа 7000 км дан кўпроқ масофага чўзилган. Майдони 10 млн. км².

       Сибир Федерал округи       Географик чегаралари        Тарихий Сибир

Сибир ҳудудида Саха (Якутия), Тува, Бурятия Республикалари, Олтой ва Красноярск ўлкалари, Тюмен, Курган, Омск, Новосибирск, Томск, Кемерово, Иркуцк ва Чита вилоятлари жойлашган.

Табиати. Сибирнинг асосий табиий областлари: Ғарбий Сибир текислиги, Ўрта Сибир ясситоғлиги, Жанубий Сибир ва Шим.Шарқий Сибир тоғлари. Жанубий Сибир тоғлари таркибига Олтой, Ғарбий Саян, Шарқий Саян, Тува Республикаси тоғлари, Байкалбўйи ва Байкалорти (Забайкале) киради. Шим.Шарқий Сибир тоғларини Юқори Яна тизмаси ва Колима тоғлари ўраб туради.

Сибирнинг иқлими кескин континентал. Энг совуқ ой (январ) ва энг иссиқ, ой (июл)нинг ўртача ҳарорати орасидаги фарқ 35° дан 68° гача. Деярли ҳамма ерда ўртача йиллик ҳарорат0° дан паст, шимоли-шарқда —15°, —18° гача. Қиши давомли ва совуқ. Январнинг ўртача ҳарорати—16°, —20°дан (Ғарбий Сибир текислигининг жанубида) —40°, —48° гача (Саханинг шарқида). Верхоянск ва Оймяконда айрим кунлари —70° гача совуқ бўлади. Сибирнинг ёзи бирмунча илиқ, жанубида эса ҳатто иссиқ. Июлнинг ўртача ҳарорати 2°-5° дан (Сибирнинг шимолий соҳилида) 22°—23° гача (Ғарбий Сибир даштларида). Йиллик ёғин 150– 250 мм дан 1000–2000 мм гача. Қор қоплами 170 кундан 300 кунгача сақланиб туради.

Сибирда тўнгиб ётган тоғ жинслари ва тупроқлар кенг тарқалган. Асосий дарёлари: Об (Иртиш билан бирга), Енисей ва Лена. Муҳим кўллари: Байкал, Таймир, Телец, Чани.

Тупроқ ўсимлик қоплами, асосан, шимолидан жанубга ўзгариб бориб, арктика муз саҳроси, тундра, ўрмонли тундра, ўрмон (тайга), Ғарбий Сибирнинг жанубида эса, ўрмонли дашт ва дашт зоналарини ҳосил қилади. Шимолида тундра ва ўрмонли зоналарида ҳар хил ботқоқ глейли ва глейлиподзол тупроқларда йўсин ва лишайниклар, бута ва кўп йиллик ўтлар ўсади. Шимолида ўрмон (тайга) зонаси ўсимликлари энг кўп тарқалган. Тайга зонасининг эни айрим жойларда 200 км га етади. Ўрмонларда игна баргли дарахт кўпроқ, сибир тилоғочи (ғарбида) ва даурия тилоғочи (шарқида), оққарағай, сибир кедри, қарағай, қорақарағай; кенг барглилардан қайин, тоғтерак, қандағоч; шимоли-шарқидаги дарё водийларида терак, тол ўсади. Ўрмон зонасидан жанубида Ғарбий Сибир атрофида ўрмонли дашт ва дашт зоналари жойлашган бўлиб, сур тусли подзоллашган, қора тулроқли ўтлоқ, ювилган ва типик қора тупроқлар тарқалган. Дашт ва ўрмонли даштларнинг ўсимлик қоплами аҳоли томонидан ўзгартириб юборилган. Даштлар ҳайдалган, ботқоқлашган ўтлоқлар пичанзорларга айлантирилган. Жанубий С. тоғларининг этаклари дашт ўсимликлар билан қопланган. Ундан юқорида тоғ тайгаси бошланади.

Сибирнинг тундра зонасида ҳар хил кемирувчилар (асосан, лемминг), сут эмизувчилардан шимол буғуси ва қутб тулкиси яшайди. Ёз бошланиши билан сузувчи паррандалар (ғоз, ўрдак, лойхўрак, гага) учиб келади. Тайга зонаси фаунаси анча бой (тийин, собол, колонок, бўри, тулки, айиқ, лос ва бошқалар). Тайга зонасида қушларнинг 200 га яқин тури, асосан, карқур, чил, қизилиштон яшайди. Ўрмонли дашт ва даштларда дала сичқони, олахуржун, қўшоёқ, юмронқозиқ, бўрсиқ, бўри, тулки, қарсоқ тулки учрайди. Сув ҳавзаларида ондатра, норка иқлимлаштирилган. Дарёларида қимматбаҳо балиқ кўп. Сибир Россия Федерациясининг овчилик хўжалиги ривожланган ва мўйна тайёрланадиган муҳим ҳудуди. Фойдали қазилмалари: тошкўмир, нефт, табиий газ, темир рудаси, олмос, олтин, фафит, полиметалл ва бошқа.

Асосий шаҳарлари: Новосибирск, Омск, Красноярск, Новокузнецк, Иркуцк, Барнаул. Аҳолисининг кўпчилигини кўчиб борган руслар ташкил қилади. Туб аҳоли: хантилар, мансилар, эвенклар, бурятлар, сахалар, ҳақаслар ва бошқа

Тарихи. Одам фаолиятининг излари Жанубий Сибирда — Тоғли Олтойдан Амур дарёси ҳавзасигача бўлган ҳудудда топилган. Сибир халқининг маданияти ва ижтимоий тизимининг ўзгаришида энеолит даврида рудадан металл эритиб олишнинг ривожланиши катта аҳамия гга эга бўлган. Мил. ав. 1-минг йилликнинг охирида Жан.Сибирда ҳунн қабила уюшмалари яшаган. Мил. ав. 1-минг йилликнинг 1-ярмида уларнинг туркий халқлар, ВИИ—ВИИИ асрларда мўғуллар (монголлар) ажралиб чиққан. Турк хоқонлиги, Бохай ва бошқа давлатлар мавжуд бўлган.

ХИИИ аср бошида Жанубий Сибир Мўғуллар давлати таркибида. Унинг ғарбий қисмида ХВ аср бошида Олтин Ўрда парчалангач, Сибир хонлиги тузилган. ХВ асрдан Москва давлатида Сибирга юриш бошлаган. ХВИИ аср бошларида Ғарбий С., аср ўрталарида Ғарбий Бурятия, сўнгра Байкал кўлидан шарқдаги ерлар ва Амур дарёси бўйларини Россия эгаллаб олган. ХВИИИ асрнинг 20 йиллари охири — 30 йиллари бошида Олтой тоғ ён бағрида мануфактура типидаги дастлабки металлургия корхоналари қурилди. Деҳқончилик ривожланди. Экинлар майдони кенгайди. ХИХ асрнинг 1-ярмида Сибирда саноатнинг янги соҳаси — олтин қазиб чиқариш пайдо бўлди. ХИХ асрнинг 50 йилларида Россия таркибига Қуйи Амур бўйлари, Уссурий ўлкаси, Сахалин ороли кирди. ХИХ асрнинг 2-ярмида Сибирнинг шимоли-шарқий ҳудудларида олтин саноати кенгайди. Сибир Россия империясининг кишиларни сургун ва каторгага жўнатадиган асосий жойи бўлиб қолди. 1900-йилда фақат сургун қилинганларнинг сони 287,2 мингни ташкил қилади.

Сибирнинг иқтисодий тараққиётида 1891-1905-йилларда қурилган темир йўл — Улкан Сибир магистрали катта аҳамиятга эга бўлди. 1923-йил Бурят-Монгол Мухтор Республикаси (1958-йилдан Бурятия Мухтор Республикаси), 1922-йил Якутия Мухтор Республикаси ва Ойрот мухтор вилояти, шунингдек, миллий округ ва туманлар тузилди. Сибир тарихида сибирлик ўзбекларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир. Уларнинг асосий қисми Ўрта Осиё ўзбеклари вакиллари. Сибирлик ўзбекларнинг аждодлари Сибирга ХВИ—ХВИИ асрларда (асосан), савдо-сотиқ ва бошқа йўллар билан) бориб келганлар. ХВИ аср ўрталарида Рус давлати Астрахон, Қозон, сўнгра Сибир хонлигини босиб олгандан кейин ҳам бу ерларнинг Ўрта Осиё билан қадимги алоқалари давом этаверди. Чунки, Рус давлати янги босиб олган жойларни зарур моллар, хусусан, газлама ва кийимбош билан таъминлашга эга бўлмаган. Шу боис Россия ҳукумати ўзбек хонликлари билан алоқа ўрнатиш ва савдони ривожлантиришга ҳаракат қилди. Тез орада элчилик алоқалари ўрнатилиб, савдо ривожлана борди. Бу борада Россия давлати фаол ҳаракат қилиб ўзбек савдогарларига бир қанча имтиёзлар бериб, уларни Сибирга жалб қилиш чораларини кўрди. Ўз навбатида ўзбек хонликлари Сибирга ип ва ипак газламалар, кийимбош ва моллар келтириш мақсадида барча имкониятларни ишга солдилар.

Шу тариқа Ўрта Осиё ва Сибир ўртасида савдо алоқалари яхши йўлга қўйилиб, ХВИИ асрдан бошлаб Сибирда ҳозирги Ўзбекистондан савдогарлар, деҳқонлар, ҳунармандлар ва дин пешволари бориб жойлашдилар. Улар, асосан, Тюмен, Тоболск, Тара ва Сибирнинг бошқа жойларига ўрнашдилар. Бу ишни биринчи навбатда савдогарлар, шунингдек, Семипалатинск, Петропавловск ва бошқа ерларга кўчиб борганлар бошлаб бердилар. Сибирдаги ички ва ташки савдо кўпроқ ўзбекларнинг қўлида тўпланиб, улар Ўрта Осиё, Хитой, Эрон сингари мамлакатларнинг моллари билан савдо қилдилар, Сибирда биринчи бўлиб кўнчилик ва гилам тўқиш ҳамда буғдой экишни жорий этдилар. Сибирлик ўзбеклар маҳаллий татарлар орасида ислом дини тарқатиш ва ривожлантиришда қатнашдилар, масжидлар қуриб, мактаб ва кутубхоналар очдилар. Улар асрлар давомида ўзларининг тили, кийими, миллий овқати ва урф-одатларини сақладилар. Умуман, ўзбеклар Сибир ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб унинг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Россия ҳукумати уларнинг хизматини эътиборга олиб имтиёзлар бериш билан бир қаторда Тоболск, Тюмен ва Тарада маҳаллий бошқарув идораси — Бухоро волост (бўлис)ларини тузишга ижозат берди. 1917-йилдан кейин бу бўлислар Бухоро ижроия қўмиталарига айлантирилди. Вақтлар ўтиши натижасида ўзбеклар иқлимлашиб ва маҳаллийлашиб, аввалги ватанлари билан алоқалари узилди. Сибирга аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ борганликлари учун улар татар қизларига уйланганлар. Гарчанд бундан оилаларда туғилганлар ўзларини ўзбек деб юрган булсаларда, лекин, ХХ асрнинг бошларига келиб уларнинг татарларга аралашиш жараёни кучайди. Шунга қарамай 1926-йилдаги умумхалқ рўйхати бўйича ўзбекларнинг сони 15.000 киши ҳисобланиб улар ўзларининг миллий номини сақлаганлар. Кейинги йилларда ўзбекларнинг татарларга аралашиш жараёни ниҳоясига етиб улар номи билан юритиладиган бўлди.

Иқтисодиёти. Урушдан кейинги йилларда Сибирда Ангара ва Енисейнинг гидроэнергия ресурслари ўзлаштирила бошлади. Иркуцк, Брацк ва Красноярск ГЕСлар қурилди. Абакан — Тайшет ва Тайшет — Лена темир йўллари, Туймазидан Ангарскка нефт қувури ўтказилди. Москвадан Байкалгача борадиган Транссибир темир йўл магистрали электрлаштирилди. Саха (Якутия)да олмос конлари топилди.

Ғарбий Сибирнинг шимолида нефт ва табиий газ захиралари аниқланди ва шу конлар асосида ХИХ асрнинг 60-йилларида, қисқа муддат ичида нефт ва газ саноатларига асос солинди.

С.да қора металлургиянинг Кузнецк комбинати ва Ғарбий Сибир заводини ўз ичига олган база вужудга келтирилди. Новосибирск, Иркуцк, Красноярск ва бошқа шаҳарлардаги заводлар ғалла комбайнлари, тракторлар, трактор плуглари, радиоприёмник ва радиолалар, совиткичлар, кир ювиш машиналари ишлаб чиқаради. Рангли металлургиянинг муҳим марказлари: Норилск, Белово, Новокузнецк, Красноярск, Брацк, Шелохов. Сибир ва Узоқ Шарқнинг кончилик саноати олмос, олтин, платина, нодир металлар, асбест, слюда, графит, дала шпати ва бошқаларни беради.

Сибирдаги ўрмон саноати корхоналарида ёғоч, ёғочтахта, селлюлоза ишлаб чиқарилади. Россиядаги йирик ўрмон саноати мажмуалари Брацк ва УстИлим ҳамда Лесосибирскда, селлюлоза заводи Байкалскда барпо этилди.

Экин майдонлари, асосан, Сибирнинг жанубий қисмида. 1950-60-йилларда Сибирда қўриқ ерлар ўзлаштирилди (Ғарбий Сибирда 7 млн. га дан ортиқ). Экин майдони 26,7 млн. гектар. Сибирда товар ғалла (асосан, баҳорги буғдой), гўшт, мол ёғи етказиб берилади. Чорвачиликда крамол, қўй ва эчки боқилади. Транспорт йўли узунлиги 14 минг км [шундан ярми электрлаштирилган. Байкал—Амур магистрали (БАМ) уз. 3145 км] мавжуд. Қувур йўллари (жумладан, Туймази — Ангарск) ва йирик денгиз портлари (Диксон, Дудинск, Игарка ва бошқалар) қурилган.

Ғарбий Сибир текислигидаги Тайга манзараси ва Вассюган дарёси.

Сибир Россия Федерациясининг шарқий қисмида жойлашган улкан ҳудуднинг номидир, майдони 13,1 миллион км² (таҳминан Ўзбекистон ҳудудидан 30 марта катта), аҳоли зичлиги жуда кам (39 миллион аҳоли яъни 1 км²га 3 кишидан тўғри келади). Россиянинг шарқида жойлашган бўлиб, шарқдан ғарбга Урал тог'ларидан Тинч океанигача ва шимолдан жанубга Шимолий Муз океанидан Қозоғистон шимолида жойлашган Олтой тог'лари, Монголия ва Хитой чегараларигача чўзилган. Осиё қитъасининг шимолий ҳудудида жойлашган бўлиб, Сибир, Россиянинг 77 % ҳудудини эгаллайди ва атиги 27 % аҳолисини ўзида мужассам этади. Ўзининг совуқ ва континентал иқлими ва текислик, пастекисликлар, улкан дарёларнинг кенг ёйилгани билан ажралиб туради. Сибирда узоқ вақтлар давомида чорвадор ва кўчманчи аҳоли яшаган бўлиб, у аста секинлик билан Россия империяси томонидан босиб олинган. Сибир ХХ-асрда Совет Ҳукуматининг мавжуд энергетик ва тоғ-кон рессурслардан иқтисодий манфаатлар йўлида фойдаланиш мақсадида киритган сармоя ва ҳаракатлари натижасида жуда ҳам тез ривожланди.

Адабиёт

  • Зиёев Ҳ., Сибир, Волга ва Урал бўйидаги ўзбеклар, Т., 2003.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил