Сифатдош — феълнинг функсионал шаклларидан бири. Сифатлар каби предметнинг белгисини кўрсатишга хосланган ва худди шу хусусиятига кўра Сифатдош деб юритилади. Сифатдош шакли ҳозирги ўзбек тилида, асосан, -ган, -вчи аффикслари ёрдамида ясалади: ўқиган китобларим, курашга тушувчи йигитлар. -Ган аффикси феълнинг замон ко'рсаткичига эга бўлмаган шаклига қўшилганда, ўтган замон маъносини; феълнинг ҳозирги замон кўрсаткичи бўлган шаклига қўшилганда, ҳозирги замон маъносини; феълнинг ҳозирги келаси замон кўрсаткичи бўлган шаклига қўшилганда, ҳозирги келаси замон маъносини билдиради: келган одам, келаётган одам, келадиган одам. Сифатдошнинг замони бевосита нутқ вақтига нисбатан эмас, балки феълнинг аниқлик майлидаги шахс-сон билан тусланган шакли билдирган вақтда, гапнинг кесимидан англашилган вақтга ёки матндаги бирор сўз билдирган вақтга нисбатан белгиланади. Шу сабабли Сифатдош билдирган замон нисбий замон ҳисобланади.

• Кўчада келаётган йигит атрофга бир қараб қўйди.

•Менинг сизга айтадиган анчагина гапларим бор. Бундай кўрсаткичли Сифатдош шакллари феълнинг ўтган замон шаклларини ҳосил қилишда ҳам қатнашади: келган эди, кетаётган эди каби.

Сифатдошнинг -вчи аффикси билан ясалувчи тури предметга доимий хос бўлган одатдаги ҳаракат белгисини, баъзан эса келгусига оид ҳаракат белгисини билдиради: Кишини сеҳрловчи оҳанглар. Бу ерга келувчи меҳмонларни кутиб оламиз. Сифатдош гапда аниқловчи вазифасида келади. Сифатдошлар отлашганда (қаранг Отлашув), отларга хос синтактик вазифаларни бажаради.

Азим Ҳожиев.