Siklon
Сиклон (юнонча: кйклон — айланувчи) — атмосферанинг паст босимли области. Асосан, икки хил ҳаво массаси чегарасида (ҳаво фронтида) юзага келиб, С. марказида ҳаво босими энг паст, чеккаларида юқори бўлади. Шамол атрофдан С. маркази томон эсади. Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши таъсирида шамоллар Шимолий ярим шарда соат стрелками ҳаракати йўналишига тескари, Жанубий ярим шарда соат стрелкаси йўналишида ҳаракатланади. С. марказида босим 950—960 мбар, баъзида 920—930 мбар бўлади. Паст босимли областни ўраб турган изобаралар диаметри бир неча юз км дан 2—3 минг км. гача етади. Ана шу майдонда ҳаво айланма ҳаракат қилади. Кучли шамоллар эсиб, тезлиги 20 м/сек. ва ҳатто 30 м/сек.дан ҳам ошади. Ҳаво С. марказий қисмидан юқорига ҳаракат қилгани учун унда купинча ҳаво булутли бўлади. Ҳаво уюрма ҳаракат қилганидан С.га Ернинг турли кенгликларидан ҳар хил ҳаво массалари оқиб келади. Шунинг учун ҳам ҳаво температураси турли қисмларида турлича бўлади. Шимолий ярим шарда С.ларнинг олд томонида шамоллар жан., жан.-ғарбдан эсгани учун ҳаво илиқ бўлади, атмосфера босими пасаяди, ҳавода будут кўпайиб, ёғин ёғади. С. маркази ўтгандан кейин шим. ва шим.ғарбдан совуқ шамол келади. Қишда ёмғир қорга айланиб, антициклон бошланади. Тропиклардан бошқа жойларда ёғиннинг асосий қисми айнан С.да ёғади. Шаклланишининг дастлабки боскичида С. тропосферанинг қуйи қисминигина ўз ичига олади. Етилган С. бутун тропосферани қамраб олиши ва ҳатто стратосферанинг қуйи қисмига тарқалиши мумкин. С.лар мўътадил минтақаларда, асосан, ғарбдан шарққа ҳаракатланади. С.нинг ўртача тезлиги 30–45 км/соат, баъзида а 100 км/соатга етади. С. ўтган ҳудудда атмосфера босими ва шамол билан бирга ҳаво температураси, намлиги, булут ва ёғин миқдори ҳам ўзгаради. Тропик кенгликларда вужудга келадиган тропик сиклонлар диаметри кичикроқ (100–300 км), марказида босим 950 мбар, баъзан 900 мбардан ҳам паст бўлади. Шу сабабли бундай Сларда босим фарқи жуда катта бўлганидан кучли шамоллар — довуллар эсади (қаранг Тўфон). Шамолнинг ниҳоятда тез эсиши ва кўп ёғин ёғиши оқибатида денгизларда кучли тўлқинлар кўтарилади, қурукликда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлади. Ўзбекистонга Атлантика океанидан келадиган С.лар қишда илиқ, ёмғирли, қорли об-ҳаво келтиради.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |