Сикоз (юнонча: сйкосис – узум ғужуми) – соч фолликуласининг яллиғланиши бўлиб, асосан эркакларда, кўпроқ юзнинг соч соқол ҳамда мўйловли қисмида учрайди. Келиб чиқишига кўра, стафилококкли (оддий) ёки замбуруғли (паразитар) сикоз фарқ қилинади. Стафилококкли ёки оддий сикоз сурункали кечадм ва бот-бот қўзиб туради. Сикозда ўртаси тукли кичик маддалар пайдо бўлиб, баъзи жойларини йирингли қасмоқ босиб, сувланиб туради, бир оз оғрийди. 2—3 кундан сўнг йиринг қотиб пуст билан крпланади, кейинчалик пуст тушиб кетиб, ўрнида яна йирингли маддалар пайдо бўлади. Стафилококкли сикоз терининг ифлосланиши, бурун-томоқ бўшлиғидаги турли сурункали касалликлар, шунингдек, эндокрин безлар ва нерв фаолиятининг бузилишларидан келиб чиқади. Касаллик ойлаб, баъзан йиллаб давом этади. Бунда беморнинг териси тортишиб, ачишиб оғрийди. Айниқса, зарарланган соҳа юзда бўлганида беморнинг руҳий ҳолати ўзгаради. Касалликнинг кечиши ва белгиларига қараб даво тайинланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил