Силлиқлаш станоги - металл, тош ва ёғоч детал ва буюмларга жилвир қоғоз, жилвир тошлар (абразив доиралар) билан ишлов берадиган станок. Ишланадиган сиртга қараб, доиравий, ички ва ташқи юзаларни силлиқлайдиган хилларга бўлинади. Силлиқлаш доираси маҳкамланадиган шпиндел электр двигател билан бевосита ёки тасмали узатма орқали, ишланадиган буюмлар эса алоҳида электр двигател ёки гидроцилиндр билан айлантирилади. Йўниш чуқурлиги механик ёки гидравлик юритма билан ростлаб турилади; абразив доира қўлда ёки автоматик тарзда тўғриланади, деталлар механик ёки автоматик тарзда қисилади.

Ёғоч ишлашда жилвир қоғоз маҳкамланадиган иш органининг турига қараб, лентали, силиндрик (барабанли), дискли, бобинали, чўткали ва бошқа хил Силлиқлаш станоги ишлатилади. Тош га ишлов беришда Силлиқлаш станоги билан кичик ўлчамли қоплама мармар буюмларни силликлаш ва жилолаш; йирик қоплама буюмларга ялпи ишлов бериш ва бошқа ишлар бажарилади (бунда релсли изда ҳаракатланувчи Псимон портал кранга айланма абразив асбоб ўрнатилган шпиндел маҳкамлаб қўйилади).