Силос (испанча силос — ертўла, дон сақланадиган ўра) — чорва моллари учун ўсимлик (маккажўхори, картошка, кунгабоқар, викасули аралашмалари, илдизмевалар, табиий пичанзорлар ўтлари, полиз экинлари палаклари ва бошқалар) кўк пояларини ҳаво кирмайдиган қилиб консервалаш йўли билан тайёрланадиган озуқа. Таркибида каротин, витамин С сақланади. Тўғри тайёрланган С. таркибида органик кислоталар, хусусан, сут (2% гача), сирка (0,6% гача) кислоталари, айрим турларида пропион, валериана кислоталари мавжудлиги туфайли ўзига хос ёқимли ҳид ва нордонроқ мазага эга. С. бостириш технологияси бузилганда ва нотўғри сақланганда ёғ кислотаси пайдо бўлади. С. сифати ундаги водород ионларининг миқдори (рН)га қараб аниқланади. Сифатли С. таркибида раён 4—4,2 бўлади. С.нинг озуқали қиммати ўсимлик тури, ўриб олиш вақтидаги ривожланиш фазаси, тайёрлаш технологияси ва сақланиш шароитига боғлиқ. Юқори сифатли С. тайёрлаш учун маккажўхори дони сутмум пишиш даврида, кунгабоқар гуллай бошлаши, дуккаклилар дуккак тугишининг бошланиши билан ўрилади. 100 кг маккажўхори силосида 20 озуқа бирлиги, 1,4 кг ҳазм бўладиган протеин, 150 г калсий, 50 г фосфор, 1500 мг каротин, 100 кг кунгабоқар С. ида 16 озуқа бирлиги, 1,4 кг протеин бор.

Ўзбекистонда С. бостириш ХХ асрнинг ўрталаридан қўлланади. С, асосан, маккажўхори, оқ жўхори поясидан ёки пояси ва донидан тайёрланади. С. ҳайвонларда овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Бузоқларга дуккакли, юмшоқ бошоқсоч ўтлардан, чўчқаларга қанд лавлаги, сабзи, картошка, полиз экинлар, маккажўхори сўтаси ва бошқа аралашмасидан, паррандаларга дуккакли ўтлар, сабзи, қанд лавлаги ва бошқалардан тайёрланган С. бериш тавсия этилади. С, асосан, қишда, қурғоқчил раёнларда езда берилади.

С. бостиришда кўк поя силос комбайни ёрдамида ўрилади, 2—4—7 см узунликда майдаланади, сўнг силос иншоотларига жойланади. Бостирилган С. оғир тракторлар билан зичланади, устига полиэтилен плёнка ёпилиб, кейин 30—35 см қалинликда тупроқ билан кўмилади. Тўғри тайёрланган С.нинг озуқалик қиммати ва витаминлар деярли тўла сақланиб қолади. С. бостириш техникаси бузилса (айниқса, зич бостирилмаса), аэроб микроорганизмлар жадал ривожланади, озуқа ўз-ўзидан тез қизийди; озуқалик қиммати кескин пасаяди.

С. очилгач, кундалик рационга лойиқ миқдори олиниб, сўнг дарҳол усти зич ёпиб қўйилиши лозим. Акс ҳолда ҳаво таъсирида оксидланиш жараёни бошланиб, озуқа сифати бузилади. Соғиладиган ва сўқимга боқиладиган қорамоллар рационида С. тўйимлилик бўйича 50% гача, чўчқалар рационида 20% гача бўлиши мумкин. Катта ёшдаги қорамолларга 1 кунда ўртача 15–20 кг, отларга 10–12 кг, қўйларга 3–4 кг берилади.

Гўзал Ишимова, Рўзимат Ҳамроқулов.