Силовсин (Лйнх лйнх) — мушуксимонлар оиласига мансуб сутемизувчи ҳайвон. Танасининг уз. 82—109 см, думи 20—40 см, вазни 8—19 (баъзан 32) кг. Қулоқларида бир тутам узун туклардан иборат шокиласи бор. Мўйнаси қалин ва юмшоқ, малла ёки қизғиш-сариқ, баъзан холдор. Евросиё, Америка ўрмонларида, баъзан ўрмон чўлларида тарқалган. Ўзбекистон жанубидаги тоғларнинг ўрта ва юқори қисмида учрайди. Асосан, тунда фаол. Январ — март ойларида жуфтлашади. Май — июнда болалайди. Болалар 2—3 йилда жинсий вояга етади. Қуён, сичқон каби кемирувчилар, қушлар, туёқлилар билан озиқланади. Сони узлуксиз камайиб боряпти. "Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида"ги Конвенсия (СГГЕ5)нинг 1-иловасига ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.