Синклинал (юн. сйнклино — эгиламан), синклинал бурма — чўкинди ва вулканоген чўкинди қатламларнинг ботиқ бурмали структураси; эгилган қатламларнинг қабариқ томони пастга қараган бўлади. С. структуралар тоғ ҳосил бўлиш жараёнида тектоник ҳаракатлар натижасида тоғ жинслари қатламларининг бурмаланишидан ҳосил бўлади. С. ядроси (маркази), асосан ёш қатламлардан иборат. Структуранинг қарама-қарши қанотларидаги қатламларнинг ётиши С. марказига йўналган бўлади. С.нинг ботиқлик даражаси мазкур структурани тўлдириб турувчи тоғ жинслари қатламларининг қалинлигига мувофиқдир. Кўпгина қазилма бойликлар С. билан боғлик. Қавариқ томони пастга қараган С. бурмалар антиклиналлар билан алмашиниб келади.