Систит (юнонча: қовуқ) — қовуқнинг яллиғланиши. Қовуққа турли инфексиялар тушиши оқибатида рўй беради. Пайдо бўлишига кўра, бирламчи ва иккиламчи; келиб чиқиши бўйича специфик (сўзак, сил систити) ва носпецифик систит фарқланади. Касаллик ўткир ва сурункали кечади. Бирламчи систит бошқа аъзолардаги инфексия юқори сийдик йўллари ёки уретрадан қон ва лимфа йўллари орқали қовуққа ўтиши натижасида пайдо бўлади. Бунга, шунингдек, совуққотиш, спиртли ичимлик ичиш, қабзият, нерв-психиканинг бузилиши ҳам сабаб бўлади. Аёлларда систит аксари ҳомиладорлик ёки туғруқдан кейинги даврда кузатилади. Иккиламчи систит (кўпинча сурункали кечади) қовуқда тош, ёт жисмлар, ўсма бўлганда, қовуқ сили, простата безининг ўсмаси оқибатида юзага келади. Шунингдек, баъзи дорилар, заҳарли моддалар ичилганда ҳам систит кузатилиши мумкин.

Систитда бемор тез-тез (ҳар 10—15 минутда) сияди, сийганда оғриқ сезади, оғриқ айниқса, сийгиси қистаганда ва сийгандан кейин кучаяди, ловуллаш, ачишиш, баъзан сийдикда қон ва йиринг пайдо бўлади. Яллиғланиш қўшни аъзоларга ўтганда (пиелонефрит, уретрит ва бошқалар) тана ҳарорати кўтарилади. Ўткир систитнинг олди олинмаса сурункали тус олади. Касалликни аниқлашда сийдик таҳлили, систоскопия, систография, ултратовуш текширувлари ўтказилади. Давоси: беморнинг умумий аҳволи ва касаллик белгиларига қараб олиб борилади (оғриқ қолдирувчи дорилар, антибиотиклар, кўп суюқлик ичиш, ванна, физиомуолажалар буюрилади).

Манбалар