Sitogenetika
Ситогенетика (сито... ва генетика) — генетиканинг бир соҳаси; ирсият ва ўзгарувчанлик қонуниятларини ҳужайра ва субҳужайра (асосан хромосома) даражасида ўрганади. С.нинг назарий асослари ХХ аср бошларида шаклланган ирсиятнинг хромосома назарияси ҳисобланади. С.нинг ривожланиши давомида белгиларнинг ажралиши ва мустақил тақсимланиши, генларнинг бирикиб ирсийланиши ва кроссинговер ҳодисаларининг ситологик асослари очиб берилди. Генетик қариндошликнинг кўрсатгичи ҳисобланган хромосомалар конюгациясининг ўрганилиши натижасида япон ситогенетиги Х. Кихара ситогенетик методлардан бири бўлган геном анализ методини ишлаб чиқди (1924). Хромосомалар таркиби ва ҳолатини таҳлил қилиш натижасида митоз ва меёз жараёнида хромосомалар тўпламида чуқур ўзгаришлар рўй бериши аниқланган. С.да электрон микроскопия, рентгеноструктура таҳлили ва бошқа замонавий методларнинг қўлланиши хромосомаларнинг нозик тузилиши тўғрисидаги тасаввурларни кенгайтирди; хромосома моддаси (хроматин)ни тадқиқ қилишга, репликация, транскрипсия ва трансляция жараёнларида хромосомалар функсиясини аниқлашга имкон берди. С. далиллари кариотиплар эволюцияси, яъни тур ҳосил бўлишини тушуниб олишда, қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда организмда кечадиган жараёнларни асослаб беришда аҳамиятга эга.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |