Ситрус ўсимликлар - рутадошлар оиласининг ситрус туркумига мансуб доим яшил ўсимликлар, экиладиган мевали дарахтлар. Апелсин, мандарин, грейпфрут, лимон, бергамот, ситрон, шеддок, бигарадия ва бошқа 30 га яқин тури бор. Шимолий Хитойдан Австралиягача, Ўрта денгиз соҳилларидан Европага тарқалган. Ўзбекистонда Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти, Тошкент вилояти Қибрай тумани ва бошқа иссиқхона хўжа-ликларида ўстирилади. С.ў. бутасимон ёки паст дарахцимон, барча органларида хушбўй эфир мойи бор. Гуллари барг қўлтиғида жойлашган, хушбўй, четдан ва ўзидан чангланади. Меваси хушхўр, парҳез ва доривор хусусиятга эга, турли витаминлар ва лимон кислотага бой. Мас, лимон ва апелсинда 60 мг % С витамини, 600–700 мг % Р витамини бор. Мева шакли думалоқ ёки тухумсимон, оч сариқ, тўқ сариқ, сегментларга бўлинган. Тарки-бида пектин, каротин, қанд, С, В, Р витаминлари бор. Мевалари янгилигида ейилади, консервалар, мураббо, сукат тайёрланади. Барг ва поясидан эфир мойи олинади. С.ў. пайванд қилиб ва қаламчаларидан кўпайтирилади. Экилгандан сўнг 3—4 йилдан ҳосилга киради. 20—60 й. атрофида юқори ҳосил олинади.