Скафандр [юн. скапҳе — қайиқ ва анер(андрос) — одам] — учувчи, космонавт, астронавт ва ғаввосларнинг герметик кийими. Одамнинг ҳавоси сийрак атмосферада, космик фазо ва сув остида ишлашига имкон беради, атмосфера режимини (босим, тра, намлик ва газ таркибини) маълум даражада сақлаб туради. С.нинг қутқарув ишлари ва космик парвозлар учун мўлжалланган хиллари бор. Қутқарув Си самолёт ёки космик кема кабинасининг герметиклиги бузилганда, жуда баландда катга тезлик билан учиш пайтида катапулталанганда ҳамда юқори ва паст трали шароитда учувчи ва космонавтларниг ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилади. У юмшоқ герметик кийимбош, қаттиқ шлем, этик ва қўлқопдан иборат. Ҳаво С. ичига сиқиқ ҳаво манбаи (мас, двигател компрессори)дан келади. Ҳаво берк контур бўйлаб айланиб юрадиган (регенерацион) С. ҳам бор. Бунда ҳаво махсус мосламалар билан тозалаб турилади. Космик С. космонавтнинг очиқ космик фазода ёки бошқа сайёра сиртида узоқ муддат бўлишини таъминлайди. Бундай С.қаттиқ ёки юмшоқ бўлиши мумкин. Космонавт мустақил тизимдан ёки космик кема бортидаги тизимдан шланг орқали кислород билан таъминланади. Бундай С.да транинг кескин ўзгариши ва радиациядан космонавтни асровчи қобиқ бўлади. У ҳаракатланиш ва ориентация воситалари билан, космонавтнинг аҳволи ва асосий физиологик кўрсаткичларини Ердан туриб назорат қилиб боришга имкон берадиган биотелеметрик тизим билан таъминланиши шарт. Ғаввослар киядиган С. резиналанган матодан тикилади, шлеми металлдан ясалади; у жуда чуқур сувда ишлашга имкон берадиган зирҳли аппарат билан таъминланади.