Sodiq Azimov
Содиқ Азимович Азимов (1914-йил 7-ноябр, Тошкент – 1988-йил[1] 21-декабр) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги (1962), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1964), физика-математика фанлари доктори (1955), профессор (1958)[2].
| Содиқ Азимов | |
|---|---|
| Азимов Содиқ Азимович | |
| Таваллуди |
7-ноябр 1914-йил |
| Вафоти |
21-декабр 1988-йил (74 ёшда) Тошкент |
| Фуқаролиги |
|
| Турмуш ўртоғи | Раҳима Азимова |
| Болалари | Рустам Азимов |
| Мукофотлари |
|
Болалиги
Содиқ Азимов 1914-йил 7-ноябрда Тошкент шаҳрида маърифатпарвар оилада таваллуд топган. Унинг бобоси (она томондан) Олимқози Тошкент шаҳри қозиси, унинг укаси Абдувоҳид Қориев (Қори домла) Санкт-Петербургдаги Иккинчи Давлат Думаси депутати бўлган. Сайид Азимбой (бобоси) ер эгаси, ун саноати бўйича тадбиркор, ўз уйида биринчи янги усул мактабига асос солган. Ундан ўрнак олиб, кейинчалик бутун Ўзбекистонда жадид мактаблари ташкил этилган. Аваз отанинг отаси йирик ер эгаси (Сарикўл мулки) эди. Отасидан эрта айрилган Азимов оилада ягона боқувчи бўлиб қолди. Унинг касал онаси, иккита синглиси ва укаси бор эди[3].
Таълим
Содиқ 1936–1940-йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) физика-математика факултети талабаси бўлган. Университетни тугатгач, космик нурларни ўрганиш учун Помир экспедициясида ишлаган. 1948-йилда аспирантурага ўқишга кирган ва тез орада номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган (1955, Лебедев номидаги физика институти, Москва). Академик В. И. Векслер унинг илмий раҳбари бўлган.
Меҳнат фаолияти
Азимов 1940–1945-йилларда Ўрта Осиё политехника институтида (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети) ишлаган. 1948–1956-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-техника институти лаборатория мудири, 1956–1958-йилларда директор ўринбосари ва директори (1958–1962; 1966–1988) бўлиб фаолият юритган. 1962–1966-йиллар оралиғида Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро 217 физикаси институти директори ҳамда 1986–1988-йиллар оралиғида „Физика – Қуёш“ ИИCҲБ бош директори бўлган. Содиқ Азимович Ўзбекистон ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси, яримўтказгичлар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшуносликка асос солган ва бу соҳаларни ривожлантирган олимлардан бири ҳисобланади.
Илмий фаолияти
1954-йилда Азимовнинг ташаббуси билан Тошкент Давлат университетида „Ядро физикаси ва космик нурлар“ кафедраси ташкил этилиб, умрининг охиригача кафедра мудири лавозимида ишлади. 1956-йилда СССР Ҳукуматининг Тошкентда Ядро физикаси институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинган. Академик И. В. Курчатовнинг таклифига биноан институт илмий мажмуасини, жумладан, ходимлар учун шаҳарча (ҳозирги Улуғбек қишлоғи) лойиҳалаш ва қуриш, илмий жамоани тайёрлаш ва шакллантириш Азимовга (физика-техника факултети директори) топширилган. Бу жараёнда академиклар У. А. Орифов, С. В. Стародубсевлар ҳам фаол қатнашганлар.
Содиқ Азимов 1948-йилда ўзи ишлаб чиққан усул ёрдамида космик нурлар таркибида мезонларга дахлсиз электрон ва фотонлар мавжудлигини исботлаган. Помир тоғи тепасидаги стансияда (денгиз сатҳидан 3900 м баландлиги) ўз ходимлари билан биргаликда космик нурлар ва ядроларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш борасида олиб борган илмий изланишлари электрон-ядро оқимларини кашф этиш имконини берган. Азимов электрон-ядро жалаларини ва ядро заррачалари сингишни тадқиқ этган. У ўта юқори энергияли (1012–1013 эв) ядро жараёнлари ўрганиладиган тоғ стансияси қурилишини ташкил этган.
Азимов раҳбарлигида Ўзбекистон Фанлар Академияси физика-техника институтида қуёш нури энергиясидан фойдаланиш усули асосида ўта соф яримўтказгич материаллар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилган ҳамда 1987-йилда Паркент туманида 1 мегаватт қувватга эга консентратори бор ноёб қуёш печи барпо этилган. Азимов ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшунослик илмий мактабларига асос солган.
У 14 фан доктори ва 70 дан зиёд фан номзодини тайёрлаган. Улар ҳозир ҳам „Физика-Қуёш“ ИИCҲБ да, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физикаси институтида ва Ўзбекистон миллий университетида халқаро даражадаги илмий ва амалий тадқиқотларни фаол давом эттирмоқдалар. Содиқ Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970) бўлган. „Физика-Қуёш“ ИИCҲБ га ва Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги кўча ва мактабга унинг номи берилган[4][5][6].
Вафоти
1988-йил 12-ноябрда бўлиб ўтган партия конференсиясида янги об’эктни яратиш ғояси кескин танқид қилинган, чунки партия элитаси муқобил энергия манбаларининг долзарблигини англамаган. Академик С. А. Азимов партия ҳисоботи чоғида юрак ҳуружидан вафот этган.
У Тошкентдаги Чиғатой қабристонидаги олимлар хиёбонига дафн этилган.
Мукофотлари
2002-йилда вафотидан кейин "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланган[7].
Оиласи
- Хотини – Раҳима Азимова, академик.
- Ўғли – Баҳодир, тадбиркор.
- Ўғли – Рустам Азимов, давлат арбоби.
Манбалар
- ↑ „Тошкент Совет Узбекистони Арчивес, Нов 13, 1988, п. 4“ (эн). НеwспаперАрчиве.cом (1988-йил 13-ноябр). Қаралди: 2023-йил 23-ноябр.
- ↑ „Азимов Садык Азимович на сайте Алл-Физика“. 2015-йил 8-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 28-ноябр.
- ↑ „Азимов Содиқ Азимович“ (уз). арбоблар.уз. Қаралди: 2026-йил 8-ноябр.
- ↑ Ад.: Бекжонов Р. Б., Ўзбекистон ядро физикаси тарихи, Т., 1994; Худойбердиев Р., Ҳаким Саъдулла, Атом қаърига саёҳат, Т., 1996.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Садик Азимович Азимов / М. С. Саидов ; Сост.: К. Г. Гуламов, Р. А. Муминов, Л. И. Селиванова. – Ташкент : Фан, 1984. – 71 с. – (Материали к биобиблиографии учених Узбекистана)
- ↑ Указ Президента Республики Узбекистан от 23 август 2002 года № УП-3117 «О награждении посмертно деятелей науки и искусства, внесших огромный вклад в развитие науки и культуры Узбекистана»
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 7-noyabrda tugʻilganlar
- 1914-yilda tugʻilganlar
- 1988-yilda vafot etganlar
- 21-dekabrda vafot etganlar
- Mehnat Qizil Bayroq ordeni sohiblari
- Lenin ordeni sohiblari
- Xalqlar doʻstligi ordeni sohiblari
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Beruniy nomidagi davlat mukofoti laureatlari
- Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan fan va texnika arboblari
- Oʻzbekistondagi oliy oʻquv yurtlari rektorlari
- Oʻzbekiston SSR Fanlar akademiyasi akademiklari
- Oʻzbekiston Milliy universiteti bitiruvchilari
- Chigʻatoy qabristoniga dafn etilganlar