Софер (1762—1839) — Ортодоксал яҳудийлик раҳнамоси, машҳур раввин ва галаха олими Хатам Софер. У Дрежнис ва Маттерсдроф шаҳарларида раввин сифатида фаолият юритган. 1806-йилда Пресбург шаҳри раввинига айланган ва умрининг охирига қадар ушбу вазифада қолган. Ўша вақтда Пресбург Венгриянинг энг муҳим яҳудий жамоаларидан бири жойлашган шаҳри ҳисобланган. Софер етук олим, раҳнамо ва юксак ахлоқий сифатлар эгаси бўлганлиги сабабли ушбу вазифага лойиқ деб топилган. У Пресбург шаҳрида машҳур ва йирик иешивага асос солган бўлиб, мазкур иешива кейинчалик яҳудийликдаги ислоҳотчилик ҳаракатига қарши курашган ортодоксал яҳудийлик тарафдорлари йиғилган марказ сифатида эътироф этилган. Хатам Софер ислоҳотчиларга қарши курашда ўзи ишлаб чиққан стратегик режага асосланган. Ушбу режада таълим ва жамоат институтлари аҳамиятини ошириш, Софернинг иқтидорли шогирдларини раввин вазифаларига тайинлаш, раввин обрў эътиборини юксалтириш ва ҳукумат ишончини қозониш каби муҳим масалалар кўзда тутилган. Ислоҳотчиларга қарши ўз курашида Софер тарғибот ва ташқивот усулларидан моҳирлик билан фойдалана олган. Софер яҳудийлар ҳаёт тарзининг мукаммаллигига ишонганлиги учун ислоҳотлар ўтказишга қатъий қаршилик билдирган. Софер Шулхан арух буйруқларига тўлиқ бўйсуниш ортодоксал яҳудийликнинг асосий таълимоти бўлиб ҳисобланган бир даврда Шулхан арух якуний ва асосий қонунлар тўплами сифатида эътироф этилиши ёки этилмаслиги борасидаги баҳс ва мунозараларга барҳам берган. Ўзининг муросасиз қарашлари натижасида Хатам Софер 1817-21 йилларда Берлин, Гамбург ва Венада ўз нуфузларини оширишга ҳаракат қилаётган ислоҳотчиларнинг ғояларига қаршилик кўрсатиш мақсадида бирлашган Европа раввинларининг раҳнамосига айланган. Софернинг аксарият асарлари унинг ўлимидан сўнг нашр қилинган бўлиб, улар ортодоксал яҳудийлик консепсиясининг тарқалиши ва ёйилишига олиб келган. Унинг илмий мероси 2 жилдли „Насиҳатлар“, новеллалар, Торага ёзилган шархлар, хатлар, шеърлар ва кундаликларни ўз ичига олади. Софернинг фарзандлари иккинчи турмушидан туғилган бўлиб, улар кейинчалик машҳур раввинлар оиласига асос солган. Софер иешива раҳнамолиги вазифасига ўзидан кейин тўнғич ўғли Аврахам Шмуэл Бенямин тайинланиши ҳақида васият қилган. Софер вафотидан сўнг Аврахамнинг ёши 24 да бўлишига қарамай, Пресбургдаги яҳудий жамоаси уни ўзларига раввин қилиб тайинлаган. Шу даврдан бошлаб Пресбург жамоасига раҳнамолик қилиш вазифаси Хатам Софер авлодларига топширилган. Унинг иккинчи ўғлиШим’он эса Краков шаҳрига раввин қилиб тайинланган. Софер, унинг ўғиллари ва шогирдлари яҳудийларнинг ХИХ асрда Исроил ҳудудига кўчиб киришида фаол иштирок этишган. Яҳудийликдаги ислоҳотчилик ҳаракатига қарши курашда Софер яҳудийларнинг миллий туйғусига таянган. У иврит тилининг кенг тарқалиши ва яҳудийларнинг Исроил давлати ҳудудига келиб жойлашишлари тарафдори бўлган[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 349.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.