Софокл (юнонча: Σοφοκλής — Сопҳоклес, милоддан аввалги 495-йил — милоддан аввалги 405-йил[1]) — Софиллнинг ўғли, юнон драматурги, шоир, сиёсий ва ҳарбий арбоб. Антик манбаларга кўра, 123 та драмаси шулардан 7 таси („Аякс“, милоддан аввалги 442-йилдан олдинроқ; „Антигона“, тахминан милоддан аввалги 441-йил; „Трахиналик аёллар“, ёзилган вақти номаълум; „Шоҳ Эдип“ ва „Электра“, милоддан аввалги 415-йиллар орасида; „Филоктет“, 409-йил; „Эдип Колонда“, 401-йил) ва айрим драмаларидан парчалар, баъзи лирик шеърлари етиб келган. Софоклнинг ўтмишдоши Эсхил ва издоши Еврипиддан фарқли ўлароқ, воқеликни қандай бўлса, шундай қабул қилиб, Юнонистоннинг гуллаган давридаги демократия асосларига шубҳа билан қарамаган. Софокл антик давр трагедиялари учун устувор аҳамиятга эга бўлган шахснинг маънавий шаклланиши муаммосини ечишда дунёнинг Парвардигор томонидан идора этилишини назардан қочирмаган. Унинг „Трахиналик аёллар“ трагедиясидан бошқа барча асарлари олижаноб кишиларнинг номлари билан аталган ва бу асарларнинг қаҳрамонлари мураккаб вазиятда дўқ ва пўписаларга ёхуд муросасозликка даъват этувчи кенгаш ва маслаҳатларга қарамай, ўз мақсадлари сари интиладилар. Антигона „норасмий қонун“га итоат этиб, давлат қонунини бузади ва акасидан жудо бўлади; Электра қатл этилган отасининг ўчини оламан, деб ўзиниўзи азобуқубатларга гирифтор этади; Эдип, тақдири азалдан қанчалик қочишга уринмасин, отасининг қотили ва онасининг эри бўлиб чиқади. Ана шу тарзда Софокл трагедияларининг қаҳрамонлари, ўз истакларига қарши ўлароқ, тақдири азалнинг қурбони сифатида гавдаланадилар. Софокл воқеанинг табиий оқимини акс эттирар экан, тасвирга илоҳий кучларни жалб этмайди, томошабин унинг асарларида камданкам ҳолдагина фолбин, башоратчиларга дуч келади. С, Эсхилдан фарқли ўлароқ, трагедиянинг трилогия кўринишларидан воз кечиб, ҳар бир асарида сюжетнинг мустақиллигига эришади. Унинг иккинчи янгилиги 3 актёр иштирокидаги саҳналардан самарали фойдаланишидир. Софокл жаҳон адабиёти тарихидан бир неча монументал образларни яратган ижодкор ва жиддий драматик композициялар устаси сифатида ўрин эгаллаган. Софокл асарлари театр санъати юксак тараққиёт даражасига кўтарилган ҳозирги даврда ҳам ўз қимматини йўқотмай, жаҳон драматургиясининг шоҳ намуналари бўлиб қолмоқда. С.нинг „Шоҳ Эдип“ (1969), „Антигона“ асарлари ҳозирги Ўзбек миллий театри (1971), „Электра“ трагедияси эса Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирилган.

Софокл

Манбалар

  1. ↑ Соммерстеин (2002), п. 41.

Ҳаволалар