Soliq
Бу мақола ўзбек тилининг имло қоидаларига мувофиқ ёзилмаган. Қаранг: ВП:ОРФО. (2024-04) |
Солиқ — давлат ёки маҳаллий бошқарув фаолиятини таъминлаш учун давлат органлари томонидан ташкилот ва жисмоний шахслардан йиғиб олинадиган тўловга айтилади. Давлат буджети даромадлар қисмининг асосий манбаи солиқлар ҳисобланади. Шунингдек, солиқ иқтисодий туркум сифатида, соф даромаднинг бир қисмини буджетга жалб қилиш шакли бўлиб, молиявий муносабатларнинг таркибий қисмини ташкил қилади.
Тарихи
Солиқнинг келиб чиқиши давлатнинг пайдо бўлиши билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, жуда қадимий тарихга эга. Тарихий манбаларда бундан 3760 йил муқаддам Бобил давлатида Ҳаммурапи қонунлари билан солиқнинг жорий этилгани тўғрисида маълумотлар учрайди. Ҳозирги даврда ҳам давлат бажарадиган вазифаларни маблағ билан таъминлаш муаммоси солиқнинг обектив зарурлигини келтириб чиқаради.
Ундириш усулига кўра, тўғри ва эгри Солиқ турларига бўлинади. Тўғри Солиқ мол-мулк ва даромадга бевосита жорий қилинади ва солиқ тўловчи томонидан оралиқ воситачиларсиз тўланади. Кенг тарқалган турлари: қўшилган қиймат солиғи, даромад солиғи, мерос ҳамда ҳадя солиғи, товар айланмаси солиғи, савдо солиғи, экспорт ва импорт солиғи ҳамда бошқа Эгри солиқ (аксизлар) товар (хизмат)лар нархларига ёки тарифларга киритиш мўлжалланган ва кейинчалик товарлар истеъмолчиларига юкланадиган Солиқ Давлат тузуми хусусиятларига кўра, Солиқ тизими умумдавлат (марказий) ва маҳаллий (маъмурий-ҳудудий бирликлар) солиқ ва йиғимлардан ташкил топади.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизими
Ўзбекистон Республикасида Солиқ тизимининг ҳуқуқий асослари, уни тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, солиқ ишларини юритиш тартиботи 1997-йил 24-апрелда қабул қилинган ва 1998-йил 1-январдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан белгиланади. Ўзбекистон Республикасида жорий этилган умумдавлат Солиқи: юридик шахслардан олинадиган даромад (фойда) солиги; жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиги; қўшилган қиймат солиғи; аксиз солиғи; ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ; экология солиғи; сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Умумдавлат Солиғи ҳар йили қонуний тартибда белгиланадиган нормативлар бўйича тегишли бюджетлар ўртасида тақсимланади. Маҳаллий Солиқ ва йиғимлар — мол-мулк солиг'и; ер солиғи; реклама солиғи, автотранспорт воситаларини сотганлик учун солиқ, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, савдо-сотиқ ҳуқуқи учун йиғим; ободончилик ишлари учун йиғим ва бошқа Маҳаллий солиқ ва йиғимлар маҳаллий бюджетга ўтказилади.
Давлат томонидан ундирилган Солиқ, бюджет воситасида қайта тақсимланиб, солиқ тўловчиларга соғлиқни сақлаш, маориф, илм-фанни ривожлантириш, мудофаа, хуқуқни муҳофаза қилиш каби ижтимоий зарур давлат хизматлари оркли билвосита йўллар билан қайтади.
Ўзбекистонда солиқ назарияси ва амалиётига оид материаллар, шу соҳага доир бошқа масалалар „Солиқ тўловчининг журнали“да (1995-йилдан ўзбек ва рус тилларида чиқади) ёритилади.
Солиқларнинг иқтисодиётдаги вазифалари ва аҳамияти
Солиқ ёрдамида миллий даромаднинг тегишли қисми тақсимланади ва қайта тақсимланади. Давлат томонидан олинадиган солиқлар ҳамда уларнинг ташкил қилиниш шакл ва усуллари бирга солиқ тизимини ташкил қилади. Миллий иқтисодиётда солиқлар қуйидаги учта муҳим вазифани бажаради:
- Давлат харажатларини молиялаштириш (фискал вазифаси);
- Ижтимоий тангликни юмшатиш (ижтимоий вазифаси);
- Иқтисодиётни тартибга солиш (тартибга солиш вазифаси).
Давлат сарфлари солиқ тушумлари ҳисобига амалга ошсада, давлат сарфлари миқёсининг ўсиши ўз навбатида солиқларнинг ўсишини тақозо қилади ва унинг даражасини белгилаб беради. Ҳозирги даврда умумий тенденсия бўлган давлат сарфларининг ва шунга мос равишда солиқ ҳажмининг ўсиб боришини қуйидаги омиллар тақозо қилади.
- Аҳоли сонининг ўсиши.
- Ижтимоий соҳа хизматлари сифатига талабнинг ортиши ва урбанизация.
- Атроф-муҳитнинг ифлосланиши.
- Даромадлар тенгсизлигини қисқартириш дастурларини амалга ошириш.
- Миллий мудофаа, давлат хавфсизлигини таъминлаш харажатлари ҳажмининг ўсиши.
Корхоналар фаолиятини солиқ ёрдамида тартибга солиш қуйидаги умумий тамойиллари асосида амалга оширилади.
- барча даромадлардан, уларнинг манбаларига боғлиқ бўлмаган ҳолда солиқ ундиришнинг мажбурийлиги.
- солиқ ундиришда барча учун ягона умумдавлат сиёсати.
- самарали ишловчи корхоналарда ҳамда хўжалик юритишнинг илғор шакллари учун солиқ меъёрларининг рағбатлантирувчи ролини таъминлаш.
- солиқ тўлови бўйича барча субъэктлар мажбурияти устидан молиявий назорат.
Солиқ ставкалари ва солиқ имтиёзлари тизими
Солиқ ставкасини белгилаш бир қатор тамойилларга асосланади:
- Нафлилик тамойили — турли шахслардан, уларнинг солиқлар ҳисобига молиялаштириладиган дастурлардан фойдаланиши даражасига қараб турлича солиқ ундирилиши кераклигини билдиради;
- Тўловга лаёқатлилик тамойили — солиқ миқдори солиқ тўловчининг бойлиги ва даромадлари даражасига мос келиши зарур. Бошқача айтганда, солиқ солиш даромадларнинг адолатли тақсимланишини тақозо қилиши зарур;
- Адолатлилик тамойили — даромадлари ва ҳукумат дастурларидан фойдаланиш даражаси бўйича тенг бўлган кишилар тенг миқдорда солиқ тўлаши зарур.
Солиқ бўйича имтиёзлар қонунчилик битимларида белгиланган тартиб ва шароитлар асосида ўрнатилади. Амалиётда солиқ имтиёзларининг қуйидаги турлари кенг тарқалган:
— объэктларнинг солиқ олинмайдиган энг кам даражасини белгилаш;
— солиқ тўлашдан алоҳида шахс ёки маълум гуруҳларни (масалан, уруш фаҳрийларини) озод қилиш;
— солиқ даражаси ставкасини пасайтириш;
— солиқ олинадиган суммадан чегириш;
— солиқли кредит (солиқ олишни кечиктириш ёки солиқ суммасини маълум миқдорга камайтириш)
Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Иқтисодиёт ва молияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |