Арвоҳ капалаклар, бражниклар (Спҳингидаэ) — капалаклар оиласи. Ёйилган қанотларининг узунлиги 2 — 20 см дан ошади, танаси йўғон, сигарасимон, қанотлари бошқа капалакларникига нисбатан калта ва ингичка, кучли мускуллар билан таъминланган. Ҳартуми узун, айрим тропик вакиллариники 25 см дан ортади, бир қанча турларида редуксияланган. Қанотлари ҳар хил катталикда, олдинги қанотлари ингичка ва чўзиқ, кейингилари нисбатан калта бўлиб, рангдор, доғлари ёки белбоғлари бор. Қуртларни яланғоч (туксиз), орқа томонида ягона шохсимон ўсимтаси бўлади. Ғумбаклари одатда тупроқ ичида махсус йўргакчаларда ёки юпка тупроқдан иборат пилла ичида қишлайди. Арвоҳ капалаклар шом пайтида жуда фаол уча бошлаганлиги туфайли уларга арвоҳ номи берилган. Капалаклар тез-тез қанот қоқиб катта тезликда учиши ёки ҳавода осилиб туриб ҳартумлари ёрдамида гул нектарини сўриши мумкин. Арвоҳ капалакларнинг 1200 га яқин тури маълум. Ўрта Осиёда 33, Ўзбекистонда 20 тури тарқалган. Ўзбекистонда ковил капалаги (Cолерио зугопҳилли), чаканда капалаги (С. ҳиппопҳаэс), сачратқи капалаги (С. ҳиcаcаэ), ширач капалаги (С. cентраластаэ) кўп учрайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил