Спирохетозлар — одам ва ҳайвонларда патоген спирохеталар кўзғатадиган, эпидемиологияси ва клиник кўриниши ҳар хил инфексион касалликлар гуруҳи. Спирохеталар узун ёки киска спираллардан иборат бўлиб, 60° гача қиздирилганда дархол ўлади, дезинфексияловчи воситалар ва бир канча дори препаратлари уларга тез таъсир этади. С. ҳамма жойда учрайди, уларнинг кўпчилиги яхши ўрганилмаган. Ичак Си (лептоспирозлар), бит ёки кана орқали юқадиган қонли С. (қайталама терлама), жинсий йўл билан юқадиган С. (захм) ва тропик минтақа мамлакатлари С. и (фрамбезия, бежел, пинта) яхши ўрганилган. С.га спирохеталар ва бактериялар ассоциацияси келтириб чиқарадиган касалликлар: Симановский — Плаут — Венсан ангинаси, ярали стоматит ҳам киритилади.

Кўпчилик спирохетозларни даволашда баъзи кимёвий препаратлар ва антибиотиклар яхши наф беради. Даволаш ва профилактика методлари ҳар бир хол учун алоҳида белгиланади.