Споралилар (Спорозоа) — бир ҳужайралилар кенжа дунёсига мансуб ҳайвонлар типи. Хивчинлилардан келиб чиққан. С. турли ҳайвонлар ва одамнинг ҳужайра, тўқима ва органларида паразитлик қилиб, оғир касалликларни келтириб чиқаради. Паразит ҳаёт кечириш таъсирида тана тузилиши бирмунча соддалашган. Ҳаракатланиш органоидлари, қисқарувчи ва овқат хазм қилувчи вакуоллари ривожланмаган. Ҳаёт сикли спора ҳосил қилиш билан тугалланади; спора қобиғи паразитни ноқулай муҳит таъсиридан ҳимоя қилади. С. ҳаёт сиклида жинссиз, жинсий ва спорогония жараёнлари алмашиниб туради. Жинссиз кўпайиш ҳужайранинг кўп марта бўлиниши (шизогония), жинсий кўпайиш эса кўпчилик споралиларда икки хил типдаги гаметалар (анизогаметалар)нинг копулсиясидан иборат. Фақат фегариналар бир хил типдаги гаметалар (изогаметалар) ҳосил қилади. Зиготаси, одатда, қалин по'ст билан о'ралган бўлиб, оосиста дейилади. Оосиста ичида спорогония натижасида спорозоитлар ҳосил бўлиши билан паразитнинг ривожланиш сикли тугалланади. С. типига 400 дан ортиқ тур киради. С. типи фегариналар ва коксидиясимонлар синфларига ажратилади. Айрим С.нинг ривожланиши битта хо'жайинда ўтади (кўпчилик коксидиялар) ва оосистлари ёрдамида тарқалади. Бошқа С.нинг ривожланиши иккита хўжайинда, яъни жинссиз кўпайиши бир хўжайинда, гаметогенез ва спорогония даврлари бошқа хўжайинда ўтади. Бундай С. ҳайвонлар ва одамга алиментар йўл билан (зарарланмаган ҳайвон зарарланган ҳайвонни ейиши) ёки қон сўрувчи ҳашаротлар орқали (безгак паразитининг чивин орқали юқиши) ўтади.





11.04.2022