Стация (лотинча: статио — жой, ҳолат) — муайян турдаги ҳайвон яшаши учун зарур шароит (релеф, иқлим, озиқ, панажой) мавжуд бўлган жой. Тур учун хос бўлган стация тур ареали ичида мозаик тақсимланган. Хусусий маънода стация тушунчаси тур ҳаёт кечираётган жойни билдиради (озиқланадиган стация, уя қурадиган стация, тунаш стацияси). Алоҳида стация бошқасидан релефи, ўсимликлари билан фарқ қилади. Тур, одатда, бир неча стацияга эга бўлади. Турли стация турнинг ҳаётида ҳар хил аҳамиятга эга. Масалан, қишлаш стацияси ҳайвонни қишки совуқдан асрайди; тарқалиш стацияси турнинг кўпайиши ва катта майдонни эгаллашига ёрдам беради. Стация тушунчаси кўпроқ қурукликда яшайдиган ҳайвонларга нисбатан ишлатилади ва мазмунан яшаш жойи тушунчасига яқин келади.