Stenoz
Стеноз (юн. стенос — тор, қисқа) — найсимон аъзолар (ҳиқилдоқ, трахея, бронхлар, қизилўнгач, ичаклар, артериялар ва бошқалар), шунингдек, физиологик тешиклар (мас, юрак чап бўлмачаси ва қоринчаси орасидаги тешик)нинг торайиши. С. туғма ва ҳаётда орттирилган бўлади. Туғма С. ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар (қизилўнгач ёки меъданинг чиқиш жойидан торайиши)дан иборат. Ҳаётда орттирилган С. органик ва функсионал бўлади. Органик С. аъзолар деворидаги ўсмалар, яллиғланиш ёки шикастдан кейин чандиқлар пайдо бўлиши ҳисобига юзага келади. Функсионал С.да аъзолар мускуллари, сфинктерларнинг вақтинча торайиши, мас, буйракдаги тош силжиши натижасида сийдик йўлининг торайиши — спазм рўй беради.
С.да аъзоларнинг мускуллари гипертрофияга учраб, улар ичидаги ҳаракат (овқат, ҳаво, қоннинг юриши) қийинлашади, кейинчалик мускуллар тонуси пасаяди, аъзонинг С.га учраган жойидан юқориси кенгайиб кетади, торайган жойдан моддалар ўтиши қийинлашади. С.ни компенсацияли — аъзо ўтказувчанлиги қисман бузилган, лекин аъзо фаолияти ва инсон саломатлиги жиддий ўзгармаган; субкомпенсацияли — аъзонинг торайган жойидан модда ўтиши қийинлашиб, аъзо фаолияти бузилган; декомпенсацияли — аъзонинг торайган жойидан модданинг мутлақ ўтмай қолиб, аъзо фаолиятининг бузилиши, шунинг ҳисобига организмда жиддий асоратлар юзага келиши (мас, меъданинг пилорик жойи декомпенсацияланган С.ида овқат мутлақо ўтмасдан, бемор организмида сувтуз мутаносиблигининг бузилиши) каби даражалари бор. С, асосан, хирургик усулда даволанади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |