Стирлинг двигатели, ташқи ёнув двигатели — ташқаридан келтириладиган иссиклик энергиясини фойдали механик ишга айлантирадиган двигател. Инглиз ихтирочиси Р. Стирлинг 1816-йил яратган. У қиздирилган ҳаво билан ишлайди. Стирлинг двигателида иш жисми сифатида газ (гелий ёки водород) дан фойдаланилади. Газнинг босими 10 — 20 МПа. Газ берк фазода бўлиб, двигател ишлаши пайтида алмашинмайди, балки қизиши ва совиши натижасида фақат ҳажми ўзгаради. Регенератор бу фазони юқори ва пастки бўшлиққа бўлади. Юқори бўшлиққа қиздиргичдан иссиқлик келади, пасткисидан совитувчи сув билан чиқариб юборилади. Стирлинг двигатели силиндрида 2 та поршен (бири иш, иккинчиси ҳайдаш) бўлади. Двигателда иш сикли 4 тактда (сиқиш, қиздириш, иш йўли ва совитиш) бажарилади. Стирлинг двигатели юк автомобиллари ва кемаларида ишлатилади.