Стоматит (юнонча: стома — оғиз, итис — яллиғланиш) — оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши. С. мустақил касаллик ҳолида кечиши, шунингдек, бошқа касалликлар (қизамиқ, қизилча, фипп, кандидоз) белгиси бўлиши мумкин. Яллиғланиш тилда бўлса — глоссит, милкда бўлса — гингивит дейилади, булардан ҳар бирининг ўзига хос белгилари бор. С. моддалар алмашинуви касалликлари (авитаминоз, диабет), нерв ва ички аъзолар касалликлари, витамин етишмовчилиги, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш, жуда иссиқ ёки жуда совуқ, нордон ва шўр овқатлар ейиш ҳам С.га сабаб бўлиши мумкин. Айрим дориларга нисбатан сезувчанлик ортганда, хусусан, ўзўзини даволаганда, балоғатга етиш даврида, ақл тиш чиқиши қийинлашганда (қаранг: Тиш) ҳам С. рўй беради.

С. шакллари ҳар хил бўлишига карамай, уларнинг умумий ўхшаш белгилари бор: оғиз бўшлиғининг шиллиқ қавати қизаради, атрофидаги тўқималар шишади, безиллаб туради, жағ ости лимфа безлари катталашади ва бошқа С ўткир ва сурункали кечади.

С.нинг катарал, ярали некротик ва афтоз хиллари фарқ қилинади. Айрим дори моддаларининг ёқмаслиги оқибатида, шунингдек, кимёвий моддалар таъсирида медикаментоз С, оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг ўткир кесувчи нарсалар, чириган тиш чеккаси, нотўғри қўйилган тиш протезидан жароҳатланиши натижасида травматик С. пайдо бўлади; травматик С.нинг Беднар афтаси (чақалоқлар афтаси) шакли чақалоқларда кузатилади. С.нинг олдини олиш учун чириган тишларни ва организмнинг умумий касалликларини ўз вақтида даволаш, шиллиқ қаватнинг яллиғланишига сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш лозим.

Манбалар