Субституция (лот. субституо ўрнига қўяман, ўрнига алмаштираман) — васиятда ўринбосар меросхўр (субститут)нинг тайинланиши. Ворислик ҳуқуқида мерос қолдирувчининг васиятномасида мерос очилгунча асосий меросхўрнинг вафот этиб қолиши ёки уни қабул қилмаслиги эқтимолини ҳисобга олиб, қўшимча меросхўр кўрсатилади. Асосий меросхўр қонунда назарда тутилган сабабларга кўра меросдан маҳрум этилган ҳолатларда ҳам ворисликка субститут чақирилади. Субститут сифатида, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, меросхўрлар қаторига киришкирмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай шахс тайинланиши мумкин.

Халқаро ҳуқуқда давлатларнинг моддий жавобгарлиги шаклларидан бири, реституциянинг бир кўриниши; қонунга хилоф равишда йўқ қилинган ёки зарар етказилган мулкни, шу жумладан, бинолар, транспорт воситалари, санъат бойликлари, хусусий мулкни тенг қийматли бошқа мулк билан алмаштиришдан иборат.