Суд

Суд — зиммасига давлат ҳокимиятининг бўғинларидан бири — суд ҳокимиятини амалга ошириш юклатилган орган. Қонун чиқарувчи (вакиллик) ва ижро этувчи органлардан Суд уни шакллантириш, судяларга ваколатлар бериш тартиби, тегишли ишларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларининг хусусиятлари, шунингдек қабул қилинувчи қарорларнинг мажбурийлиги ва мас’улияти, уларнинг юридик аҳамияти билан фарқ қилади.

Суд (славянча суд — иш) — одил судловни амалга оширувчи давлат органи; муайян давлатнинг қонунларига асосан процессуал тартибда жиноий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа тоифадаги ишларни кўриб чиқади ва ҳал қилади. Айрим шахслар ўртасида, улар билан давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти, жамоат бирлашмалари ўртасида мулкий ва номулкий низоларни, қонунбузарликларга доир ишларни кўриб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхона, муассасалар, ташкилот ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилади. Суд бошқа давлат органларидан, жамоат бирлашмалари ва ҳар қандай шахсдан мустакил ва холисона фаолият юритиши, барча ишларни фақат қонунга бўйсуниб кўриб чиқиши ва ҳал этиши лозим. Судлар одатий ва фавқулодда Судларга бўлинади. Фавқулодда Судларни ташкил этиш деярли барча замонавий конституцияларда ман этилган. Одатий Судлар умумий ваколатли ва ихтисослашган, яъни ҳарбий, хўжалик (арбитраж, савдо), божхона, солиқ (молиявий), меҳнат низолари бўйича ва ҳоказо судлар бўлиши мумкин. Суднинг алоҳида турлари конституциявий ва маъмурий судлар ҳисобланади. Баъзи мамлакатларда, шунингдек, диний судлар (масалан, мусулмон мамлакатлари — Эрон, Покистон, Судан ва бошқаларда шариат судлари) ва одатий ҳуқуқ судлари (масалан, тропик Африка ва Океаниядаги бир канча мамлакатларда кабила судлари) ҳам мавжуд. Судлар, шунингдек, инстансияларга кўра: биринчи инстансияси, апеллясия, кассация ва назорат судлари, ҳудудий даражаси бўйича: туман (шаҳар), вилоят, округ ва олий судга бўлинади.

Суд ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликка хос кўп асрлик тарихга эга. Суд фаолиятини қадимдан халқ маданияти, анъаналари ва маънавий негизига асосланиб, обруэътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кишилар амалга оширишган. Улар чиқарган қарорлар ҳар қандай шубҳадан холи ва барча учун мажбурий ҳисобланган. Ўзбекистонда қарийб 13 аср давомида шариат қонунларига амал қилган қозилик суди ҳамда халқ урфодатлари ва анъаналарига суяниб қарор қабул қилган бийлар суди мавжуд бўлган. Ўрта Осиёни забт этганидан сунг мустамлакачи чор ҳокимияти Россия қонунларига амал қилувчи судларни тузди. 1917-йил октябр тўнтаришидан сўнг „халқ“ судлари ва трибуналлар таъсис этилди. Улар коммунистик партия ва инқилоб манфаатларига хизмат қилди, қонунга эмас, „пролетарча онг“га суянарди. Суд ўрнини кўп холларда „махсус кенгаш“, „учлик комиссия“ каби маъмурий тузилмалар эгаллаганди. Суд адолатга эмас, ваҳшиёна қатағон, шафқациз жазолашга хизмат қилди. Суд батамом партия ва совет ижроия органларига қарам эди.

Мустақиликка эришилгандан сўнг Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг таркибий вазифаси сифатида судҳуқуқ ислоҳоти ўтказилмоқда. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил иш юритиши ва С. фаолиятининг бошқа асосий принсиплари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эътироф этилди (106—116-моддалар), янги суд тизими барпо қилинди, „Судлар тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1993-йил 2-сентябр, янги таҳрири 2000-йил 14-декабр) ва бир қатор қонунлар амалга киритилди. Суд томонидан чиқарилган ҳужжатлар барча давяат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Қонувда белгиланган ҳоллардан ташқари судларда барча ишлар ошкора юритилади (қаранг Судловнинг ошкоралиги). Суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ва муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Суднинг фаолияти қонун усдуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқароларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

„Суд“ атамаси суд ҳокимияти ваколатларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган нодавлат тузилмаларини номлаш учун ҳам жуда кўп қўлланади (ҳакамлар суди, Халқаро тижорат арбитраж суди ва ҳоказо).

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Суд“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (С-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.