Sudlanuvchi
Судланувчи — жиноят процессида судга берилган айбланувчи. С. ўзининг нимада айбланаётганлигини билиш; ўзига қўйилган айблов юзасидан ва ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатув ва тушунтириш бериш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ҳимоячига эга бўлиш ва у билан холи учрашиш; ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад этиш; далиллар тақдим қилиш; ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича, 1-инстансия ва апеллясия инстансиям судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса — кассация ва назорат инстансияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апеллясия, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эга.
С. суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; суд муҳокамасида иштирок этишдан бош тортмаслиги; далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар билан ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги суднинг ажримлари ҳамда бошқа процессуал қарорлари ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт. Айблов ҳукми чиқарилиб, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг С. маҳкум, оқлов ҳукми чиқарилганда эса оқланган деб аталади.
Ғафур Абдумажидов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |