Sudya

Судя — суд ҳокимиятини амалга оширувчи мансабдор шахс. Судяга қонун билан одил судловни амалга ошириш ваколатлари берилган бўлиб, у ўз вазифаларини профессионал асосда амалга оширади. Қонунда белгиланган судялик ваколатларини бериш тартиби Судя лавозими зарур профессионал тайёргарлик, тажриба ва маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахс томонидан эгалланишини мумкин қадар чеклайди. Чунончи, олий юридик маълумотга эга бўлган О’збекистон фуқаросигина судяликка номзод бўлиши мумкин (О’збекистон Конституциявий судининг судялигига номзод эса, бунга қўшимча равишда, „ҳуқуқ соҳасида юксак малакага эга деб эътироф этилган“ бўлиши лозим). Номзодларнинг ёши ва юридик касб бўйича иш тажрибасига қўйиладиган талабларга келсак, улар турли даража ва бўғинлар (кичик тизимлар) судлари учун ҳар хил белгиланган. Асосий бўғин (шу жумладан ҳарбий ва хўжалик) судларига тайинлаш учун номзод 25 ёшга, ўрта бўғин судларига (шу жумладан ҳарбий судларга) тайинлаш учун — 30 ёшга, Ўзбекистон Олий суди ва Олий хўжалик судига тайинлаш учун — 35 ёшга, Ўзбекистон Конституциявий судига тайинлаш учун эса — 40 ёшга тўлган бўлиши лозим. Номзодлар ёшининг юқори чегараси расман чекланмаган. О’збекистон Конституцияси (112-моддаси)га мувофиқ, судялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади. Судялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. Судялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас. Судя ваколат муддати тугагунга қадар судялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин.