Суффозия (лотинча: суффоссио — ўйиш) — Ер ости сувлари таъсирида тоғ жинслари массивидан майда минерал (хлорли, сулфат, карбонат тузлар ва бошқалар) заррачаларининг механик равишда ювилиш жараёни. С. кўпроқ кумли, лёссли ва бошқа дисперс жинсларда содир бўлади. С. массивнинг тузилиши ва таркибига нисбатан: турли таркибли жинсларнинг қатламларида ва бу қатламларнинг уланиш жойларида; тектоник бузилиш зоналаридаги дарзликлардаги бир жинсли бўлмаган тўлдиргичларда; тоғ жинсларининг уланиш жойларида ва сунъий иншоотлар (филтр, дренаж ва бошқалар)дан тўкилган материалларда ривожланади. Тоғ жинслари гранулометрик таркибининг турлилик даражасини купайиши, ер ости сувлари ҳаракати тезлигининг ошиши С.ни вужудга келишига имкон туғдиради. С. тоғ жинслари таркиби ва структурасининг ўзгаришига, уларнинг ғоваклилиги ва сув ўтказувчанлигини ортишига, маҳкамлилигини пасайишига олиб келади. Натижада устки қатлам чўкиб, юқорида диаметри 10 м гача, баъзан 100–500 м гача бўлган майда ва йирик ҳалқасимон чуқурлар ҳосил бўлади. С. натижасида юмшаган жинслар тоғ ён бағирларида кўчки ҳосил бўлишига имкон яратади. Иншоотлар асосидаги тоғ жинсларда С. уларнинг нотекие чўкишига, шаклини ўзгартиришига ва бузилишига олиб келади.