Сумалак (ўзбекча: сумалак уз), Саману (форсча: سمنو‎‎ / саману; озарбайжонча: сəмəни ҳалвасı), Саманак (форсча: سمنک‎‎ / саманак), Сüмелек (қозоқча: сүмелек / туркманча: Сüмелек / Сюмелек), Суманак (тожикча: суманак), Сüмöлöк (қирғизча: сүмөлөк кй) – Марказий Осиё ҳамда бошқа туркий ва форсий халқлар томонидан Наврўз байрами кунлари пишириладиган ширин таом тури. Асосан, буғдойнинг ёш новдалари, ун, ёғлардан тайёрланади. Шунингдек, баъзи миллий анъаналарга кўра, тош ёки ёнғоқ ҳам солиб пиширилади. Ҳамда 1 сутка мобайнида пиширилади.

Сумалак
Тури Ширинлик
Миллий ошхона Eron bayrogʻi Эрон , Афғонистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон
Келиб чиқиши Катта Эрон (Форс)
Асосий компонентлари ёш буғдой новдалари
Бошқа компонентлари ун, ўсимлик ёғи, ёнғоқ
Калориялиги 300
Қозонда пишаётган сумалак тасвири
Тайёр бўлган сумалак

Тайёрланиши

Сумалак сервитамин, хушхўр ва тансиқ таом. Тайёрлаш усули: жайдари қизил, қайроқи буғдой тозаланиб, совуқ сув билан ювилади. Зангламайдиган идишга солиниб, уч кун ивитиб қўйилади. Буғдой ниш ургач, тоза тахта (тешикчалар очилган фанер) устига 1 – 1,5 см қалинлигида ёруғроқ, лекин қуёш нури тушмайдиган жойга тахтага ёйилади ва ҳар куни эрталаб сув сепиб турилади. Буғдой майсаси кўкарганда (3—4 кундан сўнг) уни бўлакларга бўлиб, тахтадан ажратиб олинади. Кўк қиймаланади ёки оғирда туйилади ва устидан сув қуйиб аралаштирилади, шарбати докада сузилади. Шу тариқа уч марта шарбат олиниб, алоҳида идишларда сақланади, 0,5 кг ундирилган буғдой учун 2 кг буғдой уни, 1 кг пахта ёғи керак. Қозонда пахта ёғи доғланиб совитилади. Ёққа ун ва биринчи сузилган шарбат аралаштирилади ва баланд оловда қайнатилади.

Сўнгра иккинчи сузилган шарбат қуйилади, бу ҳам қайнагач, учинчи сузилган шарбат қуйилиб, баланд оловда қайнатиш давом эттирилади. Тагига олмаслиги учун қозонга ёнғоқдек келадиган 15—20 та силлиқ тошчалар ва 10—12 дона ёнғоқ ювиб солинади ва ёғоч куракча билан бетўхтов ковлаб турилади. Сумалак 10—12 соат қайнатилади. Тайёр сумалакнинг ранги оч жигарранг, қуюқ аталадек, мазаси ширин бўлади. Сумалак етилгач, қозоннинг олови олиниб, 5—6 соат димлаб қўйилади.

Сумалак қадимдан, айрим маълумотларга кўра 3000 йилдан бери, баҳорни кутиб олиш, деҳқончилик ишларининг бошланиши арафасида, Наврўз байрамида тайёрлаб келинади. ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб сумалак пишириш Наврўз байрамида, айниқса, аёллар ўртасида катта тантана билан амалга оширилади.

Сумалак савдоси

Ўзбекистонда Наврўз учун сумалак тайёрланиши

Эрон ҳудудида йилнинг охирги кунларида сумалак пишириш ва сотиш мавсумий савдонинг бир турига айланган бўлиб, бу ҳолат асосан Аштиан шаҳри билан боғланади. Сумалак шу ерда ишлаб чиқарилиб, сотилади ҳамда Европа, Араб ва Шарқий Осиё мамлакатларига экспорт қилинади. Натижада бу фаолият „сумалак бизнеси“ сифатида танилиб, Аштиан шаҳри Эроннинг „сумалак шаҳри“ деб аталадиган бўлган.

Фойдали томонлари

Сумалак ўзбек миллий таоми бўлиб, баҳорги Наврўз байрами пайтида тайёрланади. Унинг бир қанча фойдали тарафлари мавжуд[1]:

  1. Витаминлар ва минераллар манбаи: Сумалак буғдой унидан тайёрланганлиги сабабли, унда кўплаб витаминлар, айниқса Б гуруҳи витаминлари, темир, магний, фосфор ва рух мавжуд.
  2. Энергия манбаи: Сумалак таркибида кўп миқдорда углеводлар бор, бу эса энергия манбаи ҳисобланади. Бу, айниқса, баҳор пайтида танага зарур энергияни таъминлашга ёрдам беради.
  3. Антиоксидантлар: Сумалак антиоксидантлар билан бойитилган бўлиб, улар ҳужайраларни зарарли эркин радикаллардан ҳимоя қилади ва иммун тизимини мустаҳкамлайди.
  4. Тана тозалаш хусусияти: Сумалак таркибида толалар (клетчатка) мавжудлиги сабабли, у ичакларни тозалашга ва овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилашга ёрдам беради.
  5. Организмни мустаҳкамлаш: Сумалакнинг озиқ-овқат қиймати юқори бўлиб, у организмни зарур микроэлементлар билан таъминлайди ва умумий соғломликни таъминлайди.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Миллий таомлар тайёрлаш йўриқномаси. 

Ҳаволалар