Supra
Супра (ёки суфра) — хамир ёйиш, нон ясаш учун мўлжалланган, одатда ошланган теридан қилинадиган дастурхонсимон рўзғор буюми[1] „Супра қоқди“ ибораси — катта зиёфат, тўй ва шу кабилардан кейин қолган нарсалар билан кичик доирадаги яқин кишиларни меҳмон қилиш ва шундай меҳмондорчиликнинг ўзи[2].
Этимологияси
Ўзбек тилидаги супра сўзи „суфра“ — асли паҳлавий тилидаги „истафр“ - اِسْتَفْرْ сўзидан олинган бўлиб, кейинчалик араб тилига ўзлашган. Думалоқ мазмунидаги нол сонига нисбатан ҳам айнан „суфра“ сўзининг қадимги паҳлавий тилидаги варианти ишлатилган. Синонимлари — хон, суфра, дастурхон. Араб тилида супра сўзи „Мафраш ул-моида“, яъни „ёйма дастурхон“ шаклида ишлатилади. Қур’они каримда „Моида“ сураси келтирилган. Айни шу сурада инсонларга нималар ейиш мумкин-у, нималар ҳаром қилингани ҳақидаги оятлар мавжуд. Суфра сўзи бошқа сўзларга қўшилиб, „кенг майдон, маълум бир ҳудуд“ мазмунида ҳам қўлланади. Масалан, қулоқ супраси.
Супранинг маънолари кўп бўлиб, „мусофирнинг таоми, фаришталарнинг бандалар амалларини сақловчи (қўриқлаб турувчи) дастурхон“ сингари маъноларни ҳам англатади. Иккинчи маъносига кўра қиёмат куни бандаларга суфра ёйилиб, нима амаллар қилгани суфра дастурхонида кўрсатилади. Охирида ҳар банданинг гуноҳ ёки савоби даражаси ўз суфрасидаги неъматлар билан ўлчанади. Шу маънода эҳсоннинг аҳамияти кўплиги айтилади. Шунингдек, мусулмон Шарқида „суфра унсиз қолмасин“ деган ибора ҳам учрайди. Бунинг мазмуни эса ҳеч вақт насиба, неъматинг узилмасин, ҳамиша дастурхонинг неъматли бўлсин деганидир. Чунки суфранинг муваккиллари, яъни қўриқчилари, уни сақловчилари фаришталар бўлар экан. Ҳозирда ҳам Эронда Суфрахона деган сўз маҳаллий ресторанларга нисбатан қўлланади.
Қўлланиши ва тайёрланиши
Ўзбекистонда супра асосан хамир ёйиш, нон ясаш учун қўлланади. Супранинг Ўзбекистон вилоятларида турли шакллари учрайди. Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида асосан теридан, Тошкент, Фарғонада матодан қилинади.
Супра (суфра) дунё халқларида
Супра ер устида овқатланишга одатланган халқлар орасида, жумладан, Афғонистон ва Ўрта Осиёда дастурхон маъносида ҳам қўлланади. Суфра ёки дастурхон атрофида ўтиришнинг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд. Масалан, туркийлар кўпинча дастурхон атрофида тўрт тиззани ерга қўйиб (тизза устида, тиззани букиб, чўккалаб), ўтиришади. Эроний халқлар эса товоннинг устига икки оёқни қўйиб суфра (дастурхон) атрофида ўтиришга одатланишган. (,,Чор зону рўйи замин" — турклар одати, ,,Дў зону рўйи пошна" — эронийлар одатидир).
Ўзбек адабиётида
Супра (суфра) сўзи мумтоз ва замонавий адабиётимиз вакиллари ижодида ҳам кўп учрайди. Масалан, А.Навоийнинг,,Насойим ул-муҳаббат" асарида: „Абубакр Фолизбон Бухорий Бухоролиғдур. Бузург эрмиш. Жунайд қ.с.ни кўрубдур. Шайх ул-ислом дебдурки, Шайх Абу Бухороға борди, ани кўргали. Дебдурки, ани бир уйда топтимки, бир эшиги бор эрди. Кирдим ва салом қилдим. Мени ўлтуртти ва суфра келтурди. Суфрада нон эрди ва ёнғоқ ва туз“[3].
Манбалар
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |