Сурнай

Сурнай (форс. сур — тўй, байрам ва най; тўйда чалинадиган най) — пуфлаб чалинадиган чолғу асбоби. Ўзбек, тожик, турк, Кавказ, Эрон халқлари орасида кенг тарқалган. Шакли найникига ўхшайди. Сурнайнинг юқори томони ингичка, пастки томони эса конуссимондир. Ўзбекистонда тарқалган сурнайларнинг узунлиги 45-55 см дир. Ўзбекистон ва Тожикистонда сурнай карнай, ноғора ва доира билан анъанавий махсус ансамблларда кенг қўлланади. Сурнайнинг Хитойда ишлатиладиган тури сона, Кавказорти халқларида ишлатилган тури зурна деб аталади.

Тузилиши ва ясалиши

Найнинг асосий танаси 400–550 мм узунликдаги мевали дарахт (ўрик, тут, ёнғоқ) ёғочидан, ички томони силиндр, баъзида конус шаклида, карнайчаси кенгайтирилган ҳолда ясалади. Бармоқ билан босиладиган 8 та тешиги бор: 7 таси юза (устки), 1 таси орқа (пастки) томонида жойлашган. Сурнайнинг тилчаси (найпачоқ, дудик) оддий қамишдан пачоқланиб ип билан қаттиқ бўғилиб, бир-бирига қапиштириб ясалади ва мил(нил)ига кийгизилади.

Мил чолғу танасига ўрнатилган бачка (форс. бача — бола сўзидан) сурнайнинг танасига нисбатан бошқача ёғочдан ишланган силиндрга кийгизилади. Милга эса ижрочи лабига тиралиб, унинг нафасини ташқарига чиқишидан муҳофазалаб турадиган эллипс шаклидаги (ҳайвон шохи, суяк, садаф ёки металлдан ишланган) ҳалқа — садаф ўрнатилади.

Диапазони

Найнинг диапазони биринчи октава „ре“ дан иккинчи октава „си“ гача ва ундан ҳам юқори бўлади.

Товуши

Сурнайнинг товуши жарангдор, кучли ва жуда ўткир. Фарғона, Андижон, Тошкентда сурнайнинг мензураси (ички тешиги диаметри) кенгроқ бўлганлиги сабабли товуши майинроқ ва нолали, Хоразм сурнайи товуши кескин ва чийилдоқ. Сурнайда товуш ҳосил қилиш мураккаб бўлиб, созанданинг узлуксиз нафас олиш жараёнига асосланади. Мазкур ижро тури Ўзбекистонда „қайтарма нафас“ (Хоразмда „дам айлантириш“) дейилади. Бунда ижрочи лунжини шиширган ҳолда захира ҳавони оғзида сақлайди ва бурундан нафас олаётган пайтида захирадаги хавони чакка мушаклари ёрдамида сурнай найчасига йўллайди. Натижада сурнайга ҳаво юборилишида товуш узилишига йўл қўйилмайди.

Таниқли ўзбек сурнайчилар

Ўзбекистонда сурнай ижрочилигида, асосан, икки (Фарғона-Тошкент ва Хоразм) йўналиши машҳур бўлиб, бир неча маҳаллий марказлар мавжуд бўлган; Андижон (Булоқбоши)дан Ҳожимат меҳтар, Рустам меҳтар Юсуфализода, Ашурали меҳтар, Одилбек Рустамов ва бошқалар, Фарғонадан Отажон сурнайчи, Қўқондан Ҳамроқул сурнайчи, Аҳмаджон Қўшнай ва бошқалар, Тошкентдан Убайдуллаевлар, Мирзаевлар, Собировлар сулолалари ва бошқалар, Хивадан Сариқ меҳтар, Бобожон сурнайчи, Худойберган Қурбон, кейинги пайтда Й. Тожиев, М. Матёқубов ва бошқалар танилган.

Ишлатилиши

Сурнай карнай, ноғора ёки дойра жўрлигида оммавийлашган махсус ансамблни ташкил қилиб, миллий анъанавий томошаларда, („Сурнай ёр-ёри“), дорбоз, қўғирчоқбоз ўйинларида („Дучава“, „Дор ўйин“, „Уфарлар“, Хоразмда „Қум пишиғи“, „Тўрғай“, „Зувоний“, „Ротолло“ ва бошқалар), турли маросим, йиғин ва сайилларда, рақсларда („Шодиёна“, „Катта ўйин“, „Дилхирож“, „Танавор“, „Муножот“, Хоразмда „Оразибон“, „Норимнорим“, „Елпасаланди“ ва, айниқса, „Сурнай лазгиси“) кенг қўлланади. Сурнай якканавоз чолғу сифатида ҳам машҳур. Ижро имкониятларининг бойлиги ва ўзига хос хусусиятларга эгалиги туфайли унда чалинадиган куйлар алоҳида ажралиб туради. Шашмақомдаги Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ мақомлари шўбалари асосида яратилган сурнай йўллари „Сурнай Бузруги“, „Сурнай Навоси“, „Сурнай Орази“, „Сурнай Дугоҳи“ (савт ва уфари билан) ғоят севимлидир. „Мушкилоти Сегоҳ ва Уфари“, „Сурнай Ироғи“ каби куйларнинг кўпчилиги йирик туркумли асарлардир. Айниқса, Наво мақомининг сурнай йўллари кенг тарқалган бўлиб, асосан, никоҳ тўйларида ижро этилади. Хоразмда сурнай учун махсус сурнай мақомлари мавжуд бўлиб, улар Танбур чизиғида ўз аксини топган („Муҳаммаси Рост“, Наво мақомидан „Пешрав занжири“, „Уфари Наво“ ва бошқалар), лилй ерда, шунингдек, мақом йўллари негизида яратилган мумтоз куйлари ҳам машҳур („Надрамаддин“, „Бироллайим“ ва бошқалар).

Сурнай ҳозир анъанавий ва баъзи миллий эстрада ансамбллари, халқ чолғу асбоблари оркестрларида ишлатилмоқда. Ўзбекистон композиторларидан Алексей Козловский („Лола“ суитаси), Сайфи Жалил (1 симфонияси), М. Тожиев (4 ва бошқа симфониялари) ва бошқалар сурнайнинг ўзига хос тембрини симфоник оркестри воситалари ёрдамида етук бадиий мавқеда ифода этганлар. Сурнайга яқин созлар Кавказ (озарбайжон, арман ва бошқа) халқлари ва туркларда зурна, Хитойда сона, Ҳиндистонда шехнай деб аталади.

Ҳаволалар