Сурункали гломерулонефрит – буйрак коптокчалари, каналчалари ва тўқимасининг сурункали иммун яллиғланиш касаллиги, узоқ вақт давомида қайталанувчи ва кучайиб борувчи протеинурия ва гематурия билан юзага чиқиб, секин-аста буйрак функсионал фаолияти бузилишига олиб келади. У аҳоли орасида кенг тарқалган ва сурункали буйрак етишмовчилигининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади[1].

Этиологияси ва патогенези

Баъзи маълумотларга кўра, сурункали гломерулонефритнинг келиб чиқишида инфексия, совуқ қотиш каби омилларнинг аҳамияти катта эканлиги келтирилган бўлсада, аксарият ҳолатларда бу омиллар билан касаллик ўртасида бўғлиқлик мавжудлиги аниқланмаган. Сурункали гломерулонефритнинг патогенетик ривожланишига таъсир қилувчи омил антигени қонга тушганидан сўнг, антитаначалар ҳосил қилувчи ҳужайралар Б – лимфоцитларни фаоллаштиради ва улар ўз навбатида унга қарши антитаначалар ишлаб чиқара бошлайди. Антиген ва антитаначалар бирга иммун комплексларни ҳосил қилади. Ҳосил бўлган иммун комплексларнинг бир қисми нейтрофиллар томонидан бартараф этилади, иккинчи қисми эса қон орқали ички аъзоларга ҳамда буйракка етиб келади ва буйрак коптокчаларида ўтириб қолади. Шундан сўнг комплементларнинг фаоллашуви юз бериб, улар базал мембранани шикастлай бошлайди. Гломерулонефритнинг ушбу шаклида антитаначалар буйрак тўқимасининг ўзгарган оқсилларига нисбатан юзага келиб, бу ўз навбатида жараённи сурункали кечишига сабаб бўлади[2].

Клиник манзараси

Сурункали гломерулонефритда беморлар баъзи ҳолларда умумий ҳолсизлик, қуввацизлик каби шикоятларни билдиришлари мумкин. Умумий сийдик таҳлилида нисбий зичлик меъёрида, баъзан кунда 1-2 г гача протеинурия, микрогематурия, унча кўп бўлмаган силиндрурия (гиалинли ва эритроцитар) аниқланади. Сурункали гломерулонефритнинг бу тури бирламчи ва иккиламчи бўлиши ва айни вақтда бошқа клиник шаклларига трансформацияланиши мумкин. Аксарият ҳолларда сурункали буйрак етишмовчилиги белгилари касалликнинг 10-15-йилларида ривожланади. Сурункали гломерулонефрит нефротик синдром билан кечганда яққол намоён бўлган шиш (гидроторакс, гидроперикард, ассит, анасарка), гиперпротеинурия (кун давомида 3,5 г дан кўп) диспротеинемия, гипопротеинемия, гиперлипидемия каби белгилар билан бир қаторда силиндрурия, микрогематурия, камқонлик, ЭCҲТ ошиши, туз-сув мувозанатининг бузилиши ҳамда қоннинг ивиш тизимидаги ўзгаришларига хос. Сурункали гломерулонефрит ушбу клиник шакли нефротик криз, тромбоэмболиялар билан асоратланиши мумкин. Сурункали гломерулонефрит артериал гипертензия билан кечганда беморларнинг бир қисмида умуман шикоят бўлмаслиги, айримларида эса кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўз олди хиралашиши, кўришнинг ёмонлашиши, юрак соҳасида оғриқ, юрак уриб кетиши, ҳаво етишмаслиги безовта қилиши мумкин. Перкуссияда юрак чегарасини чапга кенгайганлиги, кўз тубидаги ўзгаришлар аниқланади. Сийдик таҳлилида юқори бўлмаган протеинурия, микрогематурия, нисбий зичликнинг ва коптокчалар филтрациясининг эрта пасайиши кузатилади. Ушбу гуруҳ беморларида ўткир чап қоринча етишмовчилиги (юрак астмаси, ўпка шиши) ривожланиши мумкин. Бунда ўпка аускултациясида ҳар иккала томонда ўрта ва катта пуфакли нам хириллашлар эшитилади. Сурункали гломерулонефритга чалинган айрим беморларда юқорида санаб ўтилган симптом ва синдромлар бирга қўшилиб келиши кузатилади ва бундай ҳолатларда улар шиш, артериал гипертензияга хос бўлган шикоятлар билдиради. Ушбу гуруҳ беморларда буйракларнинг функсионал ҳолати кескин ёмонлашади ва эрта сурункали буйрак етишмовчилиги белгилари пайдо бўлади. Сурункали гломерулонефрит клиник намоён бўлишида иккита – буйрак фаолиятининг компенсация ва декомпенсация даврлари фарқланади. Декомпенсация даврида буйракларнинг функсионал фаолияти кескин ёмонлашганлиги сабабли буйрак етишмовчилиги белгилари юзага келади. Беморлардаги мавжуд умумий ҳолсизлик, бош оғриги каби шикоятларга кўнгил айниши, тери қичиши, оғиздан аммиак ҳиди келиши, кўришнинг бузилиши каби шикоятлар қўшилади. Амалий тиббиётда сурункали гломерулонефрит қўзиш ёки ремиссия даврида эканлигини тўғри баҳолай олиш муҳим. Чунки ундан келиб чиқиб беморга тегишли муолажалар тавсия этилади. Сурункали гломерулонефритнинг қўзғалиш даврига хос бўлган белгилар:

  • тўсатдан пайдо бўлган нефротик синдром;
  • даволаш қийин бўлган артериал гипертензия;
  • протеинуриянинг кескин ошиб бориши (5-10 марта);
  • эритроцитурияни кескин ошиб бориши (5-10 марта);
  • диспротеинемия юзага келиши;
  • иммун кўрсаткичлардаги кескин ўзгаришлар.

Сурункали гломерулонефритнинг ремиссия даврига хос бўлган белгилар:

  • протеинурия ва эритроцитурияни камайиши ва йўқолиши;
  • артериал гипертониянинг меъёрий даражасига тушиши[3][4].

Диагностикаси

Сурункали гломемлонефритни ташҳислашда умумий сийдик таҳлили муҳим аҳамиятга эга. Унда турли даражадаги протеинурия, микро ва макрогематурия (сийдик ранггини қизариши ёки „гўшт ювиндиси“ га ўхшаш тусда бўлиши), силиндрлар (гиалинли, донадор, эритроцитар, мумсимон) ва эпителиал ҳужайралар аниқланади. Ташҳисни тасдиқлашда сийдик билан бир қаторда умумий қон таҳлили, биокимёвий, иммунологик, УТТ, рентген (урологик касалликларни инкор қилиш учун) ва морфологик текширишлар муҳим аҳамиятга эга[5].

Даволаш

Сурункали гломемлонефритга шубҳа бўлган барча беморлар зудлик билан ихтисослашган шифохонага ётқизилади. Шифохона шароитида уларга ётоқ тартиби, ош тузи (кунига 1-2 г) ва сув (кун давомида ажратган сийдик миқдори ва унга қўшимча 200-400 мл суюқлик ичиш мумкин) чегараланган парҳезга қатъий амал қилинади. Асосий патогенетик даво сифатида глукокортикостероидлар, қатъий кўрсатмалар бўлганда ситостатиклар, антикоагулянтлар ва антиагрегантлар буюрилади. Аммо юқори қон босими мавжуд бўлганда гормонларни буюриш қарши кўрсатма ҳисобланади. Шишларни бартараф этиш учун сийдик ҳайдовчи воситалар (фуросемид, урегит ва бошқалар), артериал гипертензияда эса калсий антагонистлари буюрилади[6].

Профилактикаси

Сурункали гломерулонефритнинг бирламчи профилактикаси инфексия ўчоқларини бартараф этиш, иш жойида ва уйда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, организмни чиниқтириш каби тадбирлардан иборат. Иккиламчи ва учламчи профилактика доимий патогенетик дориларни ушлаб турувчи дозалари ёрдамида ўтказилади ва беморлар диспансер назоратида сақланади[7][8].

Яна қаранг:

Манбалар

  1. ↑ „Сурункали гломерулонефрит“.
  2. ↑ Сурункали гломерулонефрит. www.зиё.уз.cом — 573-бет. Қаралди: 2024-йил 15-октябр. 
  3. ↑ „Сурункали гломерулонефрит“.
  4. ↑ Сурункали гломерулонефрит. www.зиё.уз.cом — 574-бет. Қаралди: 2024-йил 15-октябр. 
  5. ↑ Сурункали гломерулонефрит. www.зиё.уз.cом — 575-бет. Қаралди: 2024-йил 15-октябр. 
  6. ↑ „Сурункали гломерулонефрит“.
  7. ↑ „Сурункали гломерулонефрит“.
  8. ↑ Сурункали гломерулонефрит. www.зиё.уз.cом — 575-бет. Қаралди: 2024-йил 15-октябр.