Сус хотин — мавсум маросим қўшиғи; фолклор жанри. Қурғоқчилик муносабати билан ёмғир чақириш маросимида айтилган. Ўрта Осиё, Кавказ ва бошқа халқлар ўртасида учраган. „Сўз хотин“, „Сут хотин“, „Сув хотин“ деб ҳам юритилган. Қўшиқ, асосан тўртликлардан иборат бўлиб, бармоқ тизимидаги етти ҳижоли вазнда яратилган, матнида мурожаат, хитоб оҳанглари ҳукмрон. „Сус хотин“да ўзбек халқининг узоқ ўтмишдаги меҳнат тажрибалари, орзу-истаклари бадиий шаклда ифодаланган. Ҳозир урфдан чиқиб кетган. Тили, ритми, бадиий воситалари жиҳатидан халқ сўз санъати ҳодисаси сифатида ўрганилади.