Sutka
Сутка — Ернинг ўз ўқи атрофида 1 марта айланиш даврига тенг бўлган вақт ўлчов бирлиги.
Сутка қуёш суткаси (24 соат) ва юлдуз суткаси (23 соат 56 минут 4 секунд) каби турларга ажратилади.
Ҳаётда кўпинча сутка кун деб ҳам юритилади.
Бир сутка 24 соат(1440 минут, 86400 секунд)дан иборат. Сутка кундуз ва тун, эрталаб ва кечқурундан ташкил топган.
Кеча-кундуз, сутка-24 соатга тенг вақт ўлчов бирлиги. Ернинг юлдузларга нисбатан бир марта айланиб чиқиш даври Юлдуз суткасига ва Қуёшга нисбатан айланиш даври Қуёш суткасига булинади. Юлдуз суткаси узунлиги баҳорги тенгкунлик нуқтасидан иккита кетма-кет юқори (ёки пастки) кулминациялари орасидаги вақтга тенг. Юлдуз суткаси ҳақиқий (прецессия ва нутация ҳисобга олинса) ва ўртача (фақат прецессия ҳисобга олинса) юлдуз суткаларига ажралади. Баҳорги тенгкунлик суткаси нуқтасининг прецессион ҳаракати таъсирида ўртача юлдуз суткаси Ернинг ўз ўқи атрофида ҳақиқий айланиш давридан 0,0084 секундга қисқа. Нутация таъсирида ҳақиқий юлдуз суткасининг узунлиги ўзгариб туради. Қуёш бир сутка давомида осмон сферасида 1° шарққа томон силжийди. Шу сабабли, юлдуз суткаси билан амалда вақтни ўлчаш ноқулай бўлиб, у кун ва туннинг алмашиниши билан тўғри келмайди. Шунинг учун Қуёш суткасида унинг иккала кетма-кет пастки (ярим тун) кулминацияси оралиғидаги вақт олинади. Қуёш суткаси ҳам ҳақиқий ва ўртача Қуёш суткаларига бўлинади. Қуёш суткасининг узунлиги эса ярим тун (ҳақиқий Қуёш суткасида ҳақиқий Қуёшнинг пастки кулминацияси; ўртача Қуёш суткасида эса Қуёшнинг сохта пастки кулминацияси) дан бошлаб ҳисобланади. Ер орбитасининг эллипссимонлиги ва экваторнинг эклиптикага оғишганлиги туфайли ҳақиқий Қуёш суткаси ҳам доимий эмас ва йил давомида 24 соат 3 мин 36 с (сентабр ўрталарида) дан 24 соат 4 мин 27 с (декабр охирида) гача ўзгариб туради. Шунинг учун Қуёшнинг экватор буйича йил давомида доимий бурчак тезлик билан ҳаракат қилувчи ўртача Қуёш суткаси (24 соат 3 мин 56,55536 с юлдуз суткаси) олинади. Тропик йил 366,2422 юлдуз суткаси ёки 365,2422 Қуёш суткасидан иборат.[1]
Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |