Сув иситкич - совуқ сувни буғ, қайноқ сув, қайноқ газ ва электр токи билан иситиш учун мўлжалланган иссиқлик алмашиш аппарати. Сиртки иситиш ва тегишиб иситиш (контакт) усулида ишлайдиган турлари бор. Сиртки иситиш аппаратларида ичида буғ ёки қайноқ сув айланиб юрадиган қувурларнинг сирти совуқ сувни иситади. Булар кўпроқ тарқалган. Тегишиб иситиш аппаратларида совуқ сув буғ ёки қайноқ сувга бевосита тегиб исийди. Булар камроқ тарқалган. Қозон агрегатларига ўрнатиладиган Сув иситкичларида совуқ сув атмосферага чиқиб кетаётган газларнинг иссиқлиги ҳисобига исийди. Бундай аппаратлар сув экономайзерлари деб аталади. Газ, электр ёки қаттиқ ёқилғи (ўтин, кумир) билан ишлайдиган маҳаллий Сув иситкичлар жумласига ваннахона сув колонкалари, змеевиклар (бурама қувурлар), сув иситиш қутилари, электр сув қиздиргичлар (кипятилниклар) ва бошқа киради. Сув иситкичлар иссиқ сув билан таъминлаш ва сув билан иситиш тизимларида, қозон агрегатларида, хўжалик ва маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув тайёрлаш ва бошқа мақсадларда кенг ишлатилади.