Суй, Суй хонлиги — Хитойдаги сулола ва давлат (581—618). Асосчиси — саркарда Ян Сзян (Янг Жян); у император Венди (581—604 йилларда ҳукмронлик қилган) номи билан машҳур бўлган. У 589-йил мамлакатнинг жан. ва шим.ни бирлаштириб, хитойлик бўлмаган элатларнинг шимолидаги ҳукмронлигига чек қўйган. Давлат ҳудуди шарқда денгиз қирғоқларигача, ғарбда Шарқий Туркистонгача, жанубида ҳозирги ХХРнинг Юннан ўлкасигача ва шим. да Ички Мўғулистонгача кенгайган. Мамлакатни бошқаришни марказлаштиришга қаратилган ислоҳотлар ўтказган. Пойтахти — Чангъан (ҳозирги Сиан) бўлган. Венди тахтга чиққан дастлабки йилларида деҳқонларга ён босган. Император Ян Гуан (Янди) даврида (605—617) Хитойдаги Буюк каналнинг асосий кисми қурилган. Ян Гуан Кореяга (611 — 614), Жанубида — Ветнамдаги Вансуан давлатига, Ғарбда — туркий қабилалар ва тугухунларга қарши босқинчилик урушлари олиб борган. Туркий қабилаларга қарши кураш жараёнида у туркларни 2 га бўлиб ташлаш ва улар орасига низо солиш, шу асосда юзага келган ички зиддиятлардан фойдаланиб ўз мақсадига эришиш режасини амалга оширишга ҳаракат қилди. Ян Гуан каттиққўл, қонхўр, маишатбоз, ортиқча маблағ талаб қиладиган йирик тадбирлар ўтказишни яхши кўрган. С. деҳқонлар қўзғолонлари (611—618) ва ўзаро ички низолар туфайли барҳам топган. 618-йил ҳокимиятни Тайюан (ҳозирги Шанси вилояти) ноиби Ли Юан эгаллаб олиб, янги Тан сулоласига асос солган.