Syuan Zang

Сюан Занг (тахминан 600-664) - хитойлик сайёҳ, Будда дини роҳиби. 627-йил Чанганда ҳиндистонлик буддист олим Пўмидўло билан танишиб, унинг таъсирида Ҳиндистонга боришга ахд қилади. Тан давлати ҳудудидан бошланган (629) С.С.нинг сафари Турк хоқонлиги таъсири остидаги йўллардан ўтган. Хеси йўлаги (коридори), Иверғул (ҳозирги Қумул, хитойча Ҳами) орқали Турфонга келган. Бу ерда у Турфон (Гаочан) давлати ҳукмдори хузурида бўлган. С.С. Қорашар, Кучар, Ақсу, Музрат довони, Иссиқкўл, Тароз (Суе), Чоч, Самарқанд, Бухоро, Темир дарвоза (Теменгуан), Афғонистоннинг шим. вилоятлари, Ҳиндукуш тоғлари орқали Ҳиндистонга борган (630). У ерда барча буддизм маданияти марказла рини, машҳур ибодатхоналарни зиёрат қилади. Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Наланда (Наланто) ибодатхонасида 5-йил таҳсил олади. 640-йил бу ерда 18 мамлакатдан келган вакиллар иштирокида ўтказилган катта халқаро анжуманда маъруза қилиб йирик буддавий роҳиблар қаторидан жой олади. С. С. кўп ноёб китобларни олиб 645-йил Чанганга қайтиб келади. Тан ҳукмдори Ли Шимин (627—650 йилларда Тайзунг номи билан тахтни бошқарган) уни Лоянгдаги саройига таклиф қилиб, Марказий Осиёдаги мамлакатлар, халқлар, иқтисодий аҳвол ва ҳарбий кучлар ҳақида суҳбатлашган ҳамда бу ҳақда батафсил ёзма маълумот беришни топширган. Бу даврда Тан сулоласи Турк хоқонлигига қарши кураш олиб бораётгани туфайли бундай маълумотлар ниҳоятда зарур эди.
С.С.нинг йўл хотиралари асосида ёзган "Да Танг сиюжи" ("Буюк Танг саёҳатномаси") асари Марказий Осиё халқлари тарихини ўрганишда муҳим манбадир. С. С. бундан ташқари ўзи билан Ҳиндистондан келтирган китобларни хитой тилига таржима қилиш билан шуғулланган. Маълумотларга кўра, у жами 1335 бобдан иборат бўлган 74 та асарни таржима қилган. С.С. Чангъандаги "Юйхуа ши" ибодатхонасида вафот этган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |