Tabu
Бу мақолада манбалар <реф></реф> тегларига олинмаган ёки умуман кўрсатилмаган. |
Табу (полинезча — тақиқлаш) — 1) ибтидоий жамият босқичидаги халқларда тарқалган тақиқлаш тизими. Табунинг энг мукаммал кўриниши Полинезияаа сақланган. Бу сўз аслида Полинезияда пайдо бўлиб, дастлаб машҳур инглиз денгиз сайёҳи Ж.Кук (182879) томонидан Европага маълум қилинган ва баён этиб берилган. Полинезия халқлари диний эътиқодларига кўра, ҳар бир инсон туғилиши билан қудратли ғайри табиий куч — „мана“га эга бўлади. „Мана“ жуда хавфли бўлиб, бировга тегса ўлим келтириши мумкин. У табақаларга қараб ҳар хил кучга эга, қулларда „мана“ бўлмаган, аммо аксинча, буюк сардорлар қудратли „мана“ эгаси ҳисобланган. „Мана“ тушунчаси „табу“ сўзи билан бевосита боғлиқ. Нимаики „мана“ эгаси бўлса, ўша нарса хавфли, яъни унга тегиш ман қилинган — табу қўйилган. Полинезия халқларида жуда кенг Тарқалган табу тизимини ким бузса, риоя қилмаса қабила бошлиқлари, зодагонлар томонидан қаттиқ жазоланган. Шунингдек, ўша давр тасаввурларига кўра, табу ни бузган одамнинг ғайри табиий кучлар, руҳлар, худолар касаллик ёки ўлим билан жазолайди, деб тушунилган. Оролликларда худо ва руҳга, коҳин ва қабила бошлиқларига алоқадор бўлган ҳамма нарса табу лаштирилган. Табу тизими жамиятда табақаланишни ифодалаган. Табу обектлари — буюмлар, сўзлар, ҳайвонлар ва бошқа булиши мумкин. Аксарият табу лар моддий буюмларга тааллуқли бўлади. Табу инсоният жамияти шаклланаётган даврда индивид хатти-ҳаракатини жамоа манфаатларига буйсундириш эҳтиёжи билан боғлиқ равишда келиб чиққан бўлиши мумкин. Табу уруғчилик жамиятида инсон ҳаётининг муҳим томонларини, аввало экзогамия никоҳи меъёрларига риоя қилиниши (масалан, уруғ ичида жинсий алоқаларнинг тақиқланиши)ни тартибга солган. Жамият тараққий этган сари табунинг бир қисми одат ҳуқуқий меъёрига айланган, кўпчилиги эса динга тақиқ сифатида киритилиб, уни бузиш гуноҳ ҳисобланган. Ҳозирги даврда ҳам табунинг баъзи кўринишларини учратиш мумкин. 2) Тилшуносликда муайян сўзлар, иборалар ёки атоқли отларни қўллашни тақиқлаш, ман этиш. Ибтидоий даврларда табиат ҳодисаларининг сирини била олмаган инсон қўрқув уйғотадиган сеҳрли ва зарарли ёвуз кучлардан, жин, арвохлардан, офатли касаллик ва йиртқич ҳайвонлардан сақланишнинг ягона чораси уларнинг номини айтишни ман этиш, атамаслик деб тушунган. Айниқса, киши номига нисбатан табу кенг тарқалган. Масалан, ўлганнинг номини, доҳий ёки подшоҳнинг, маъбудларнинг номини ва баъзи қариндошлар (қайнота, қайнона, эр, қайноға)нинг номини айтиш, уларни овоз чиқариб чақириш тақиқланган ва бундай атоқли отлар тегишли тавсифий иборалар билан алмаштирилган. Овланадиган, тирикчилик манбаи бўлган ҳайвон номлари, кишини сескантирадиган жониворлар ва бошқа воқеа ва жараёнлар ҳам баъзан табулаштирилган. Масалан, чаён сўзи, ўзбек шеваларида эшак, беном, газанда, айриқуйруқ, бешбўғин ва бошқа номлар билан аталган. Ҳозирги тилларда ўлим ҳақида, оғир касаллик ҳақида тўғридан-тўғри гапирмаслик, ёқимсиз, нохуш нарсаларни эслаш, эслатишдан қочиш одатини ҳам табуга киритиш мумкин. Табу сўзлар ўрнига бошқа сўзлар — эвфемизмлар зарур бўладики, бошқа тиллар сингари, ўзбек тилида ҳам бундай сўзлар кўпчиликни ташкил этади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |