Тафсир (арабчадан — шарҳ, тушунтириш, очиб бериш, изоҳ) — ислом анъанасига асосан Қуръон оятларини шарҳлаш, тушунтириб бериш. Қуръон оятларини тафсир қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида вужудга келиб, бу илм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларга, саҳобалардан тобеъинларга мерос қолди. Саҳобалар ва тобеъинлар асрида Тафсир оғзаки ривоят ва накл шаклида бўлиб, таълиф қилиб ёзилмаган. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа машҳур тафсирчи бўлганлар. Тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс Абдумалик ибн Журайждир (ВИИИ-аср). Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар тафсир ёзишда шуҳрат топдилар. Тафсир қилишнинг ривожланиши жараёнида Тафсирнинг турли услублари (сахиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилиш, ўз фикри ва ижтиҳоди билан тафсир қилиш; оятнинг зохирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилиш) пайдо бўлди. Кейинчалик тафсирнинг йўналишлари кўпайиб кетди. Ҳозир дунёда Қуръони каримга 1700 дан ортиқ Тафсир ёзилганлиги маълум.

Ўзбекистон ҳудудидан чиққан Абу Мансур Мотуридий машҳур тафсирчилардан ҳисобланади. У Қуръон оятларини аҳл ассунна валжамоа нуқтаи назаридан тафсир қилган. Абу Лайс Самарқандий, Замахшарий, Фахриддин Розий, Махмуд Насафийлар ҳам Тафсир ёзишда машҳур бўлганлар. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Қуръони каримни ўзбек тилига таржима ва Тафсир қилиш имконияти туғилди. Бу соҳада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур каби уламоларни мисол қилиб келтириш жоиз.

Ҳаволалар