Takash
Такаш — Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ (тўлиқ исми Алоуддин Такаш ибн ЭлАрслон ибн Оциз ибн Ануштегин) (тахминан 1152—1200-йил, 3-июл) — ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар давлатининг ҳукмдори (1172—1200-йил). Такаш отаси ЭлАрслон вафоти арафасида Жанд вилояти волийси бўлиб турган. Шунинг учун ЭлАрслон кенжа ўғли Султоншоҳни валиахд қилиб тайинлайди ва Султоншоҳ тахтга ўтирган (1172). Такаш Султоншоҳни тан олмаслигини айтгач, Султоншоҳ унга қарши онаси маслаҳати билан қўшин жўнатган. Такаш эса қорахитойлар маликаси Чен Тиён (1164— 1177)га ҳар йили ўлпон тўлаб туриши ҳақида ваъда бериб, ўгай укаси Султоншоҳ билан курашиш учун ҳарбий ёрдам сўраган ва ундан олган қўшин билан Гурганч (Кўҳна Урганч)га юриш қилган. Султоншоҳ ва онаси Туркон хотун Хуросонга қочган. Гурганчни қўлга киритгач, Такаш 1172-йил 11-декабрда халқнинг мадади билан расман Хоразм тахтига ўтирган. Лекин, укаси билан Хоразм тахти учун яна 20 йил кураш олиб боришга мажбур бўлган. Султоншоҳ вафотидан сўнг Хуросоннинг Толиқон Марвируд Ҳирот йўналишидаги ерлар Такашга ўтган. У ўғли Носируддин Маликшоҳни Марвга, бошқа ўғли Қутбиддин Муҳаммад ИИ ни Нишопурга волий килиб тайинлаган. Шундан сўнг Такаш Шарқий Эронга ўз таъсирини ўтказиш билан бирга, Ғарбий Эрон ишларига ҳам аралаша бошлаган. Такаш Султоншохга қарши курашаётган вақтида (1172—1193) ғурийлар, салжукийлар ва аббосий халифалар, ҳатто баъзан қорахитойлар билан ҳам яхши муносабатларни сақлаб улар билан дўстона мактублар ёзишиб турган (бу мактублар мазмуни сақланиб қолган).
1192—93 йилларда салжуқийлар султони Тўғрул ИИИ Т. билан яхши муносабатни сақлаш учун унинг ўғли Юнусхонга ўз қизини берган ва сулҳ шартномасини тузган, бунга кўра Рай хоразмшоҳ мулки деб тан олинган. Лекин, Тўғрул ИИИ шартномани бузган. Тўғрул Шга халифа шНосир ҳам қарши бўлиб, у Такашга мактуб ёзиб Тўғрул ИИИ га қарши курашда ёрдам сўраган. Такаш 1194 йил 4 мартдаги жангда Тўғрул ИИИ қўшинларини мағлубиятга учратиб, унга қарам ерларни ўз тасарруфига қўшиб олган, лекин, халифага ўлжадан ҳеч нарса тегмаган. Бу улар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келган. Тўғрул ИИИ вафот этгач, Эрон ва Ироқи Ажам ерлари Хоразмга ўтади, салжуқийлар сулоласи барҳам топади. Такаш ўша йилдан эътиборан „султон“ унвонини қўллай бошлайди.
Такаш 1195 йилда Кирмонни ўзига бўйсундирган. Умрининг охирги йилларида исмоилийлар билан муваффақиятли кураш олиб борган. 1200-йил халифа билан муносабати яна ёмонлашган Такаш Бағдодга юриш қилган, лекин ярим йўлда Нишопур ва Хоразм оралиғидаги Шаҳристон шаҳрида вафот этган. Такашнинг жасади Гурганчга келтирилиб ўзи қурдирган катта Мадраса қошидаги мақбарага дафн қилинган.
Ўрта аср муаллифларининг ёзишича, Такаш адолатпарвар, иқтидорли, буюк дипломат ва лашкарбоши бўлган. Такаш мусиқани севган, удни жуда яхши чалган, ҳозиржавоб бўлиши билан бирга сиёсий аҳволни тўғри баҳолаб, ҳарбий кучдан тўғри фойдалана олган.
Такаш қипчоқ хони Жонкишининг қизи Туркон хотунга уйланган. Унинг билан бирга келган қипчоқлар кейинчалик мамлакат таназзулига сабаб бўлган.
Такаш даврида Хоразмшохдар давлати кучайган. У ўғли Қутбиддин Муҳаммадга марказлашган мустаҳкам давлат ва ташкилий жиҳатдан қудратли қўшинни мерос қолдирган.
Адабиётлар
- Буниёдов 3., Ануштагин — Хоразмшоҳлар давлати (1097—1231), Т., 1998; Танорий О., Жалолиддин Хоразмшоҳва унингдаври, Т., 1998; Насави й Ш., Султон Жалолиддин Мангуберди тарихи, Т., 2000. Неъмат Полвонов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |