Talonchilik
Талончилик — жиноят ҳуқуқига кўра ўзганинг мулкини талонторож қилиш. Т. ошкора ёки яширин равишда содир этилиши мумкин. Агар айбдор жабрланувчилар ёки бошқа шахслар кўз ўнгида Т. қилаётганлигини ва улар айбдорнинг ҳаракатлари хусусиятини тушунаётганлигини била туриб, талончиликни амалга оширса, у ошкора деб ҳисобланади. Агар талонторож қилинганлигини одамлар сезмасалар ёхуд буюм олинганлиги фактини кўра туриб, уни қонуний ҳисобласалар ва айбдор ҳам шунга умид қилган бўлса, у ҳолда Т.ни ошкора деб тан олиниши мумкин эмас. Яширин равишда бошланган талонторож баъзан ўзгалар мулкини очикданочиқ эгаллашга айланиб кетади. Бундай ҳоллар, мулкни эгаллаш жараёнида жиноятчини сезиб қолишганида, лекин жиноятчи буни тан олмай ўз ҳаракатларини давом эттириб, мулкни ошкора эгаллаб олганда содир бўлади. Т. мулкдорга мулкий зарар етказишдек ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқаради. Мулкни амалда эгаллаб олиш, яъни жиноятчида талонторож қилинган нарсадан фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши вақтидан бошлаб бу жиноят тугалланган ҳисобланади.
Т. учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166моддасида жавобгарлик масаласи берилган. Бунда Т. нинг квалификация таркиби соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш, ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби ўзига хос белгини ўз ичига олади. Худди жисмоний зўрлик каби, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш орқали руҳий зўрлик ҳам Т.нинг квалификация белгиси ҳисобланади. Т.да зўрлик мулкдорга, шунингдек, реал ҳолда ёки айбдорнинг фикрича, талонторожга тўсқинлик қилувчи бошқа шахсларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Инсонга нисбатан зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш Т. турининг моҳиятини ўзгартиради. Бундай ҳолларда жиноят 2 объектли бўлиб қолади: мулк муносабатлари билан бирга соғлиқ, шахсий эркинликни ва бадан дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етади ёки уларга бевосита хавф туғилади.
Мирзаюсуф Рустамбоев.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |