Танбур — торли мусиқа асбоби. Ўзбек миллий чолғуларидан бири ҳисобланади. Ўзбек мумтоз мақомлари айнан танбур чолғусида ижро этилган. Танбур ўнг қўлнинг кўрсатргич бармоғига махсус нохун (медиатор) тақиб чалинади. Танбур чолғу чолғуси чўққиси узун, косаси нокдай бўлиб, одатда тут дарахтидан ясалади. Танбур қадимги Эрондаги энг қадимги чолғу асбобларидан бири бўлган. Чалинганда фақат биринчи сими чертиб чалинади, қолганлари эса садоланиб туриши учун хизмат қилади. Форобийнинг мусиқа рисоласида Хуросон танбурининг парда тузилиши келтирилган. Танбур ўзбек, тожик, уйғур ва бошқа халқларда профессионал соз сифатида кенг тарқалган. Асбобнинг чортор (4 торли), панжтор (5 торли), шаштор (6 торли) турлари бор. Танбурнинг электр адаптер билан жиҳозланган турлари эстрада ижрочилигида қўлланади.

Танбур
Тури

Торли мусиқа чолғулари
Ихтирочи(лар) Эрон
Ўхшаш асбоблар

Сато
Мусиқачилар

Турғун Алиматов, Ҳожиабдулазиз Абдурасулов, Жўрахон Султонов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Орифхон Ҳотамов, Жалил Сайфи, Мустафо Бафоев

Этимологияси

Танбур сўзи эски мусиқага оид китобларда „тунбура“ шаклида ёзилган бўлиб, асли юнонча сўз эканлигини таъкидланган[1].

Тузилиши

Танбурнинг ноксимон ўйма косаси йўғон ва узун дастаси билан бирга яхлит тут ёғочидан ясалади. Танбурнинг умумий узунлиги 110-130 см. Косасининг қопқоғи, кўпинча, юпқа ёғоч тахтачадан қилинади, унда резонатор тешикчалари бор. Дастасига ичакдан қилинган пардалар боғланади. Танбурнинг пай ип билан боғланган 16-19 пардаси бўлиб, олтинчиси, одатда, ижро этиладиган асарнинг ладтоналлик хусусиятига кўра юқори ёки пастга суриб қўйилади. Танбурнинг 3 та торидан биринчиси (юқоридан) асосий, 2 таси ёрдамчидир; биринчиси ва учинчиси унисонга, иккинчиси уларга нисбатан кварта, баъзан квинта ёки секунда паст созланади. Асбобнинг диапазони икки ярим октавага яқин.

Ижро қилиниши

Танбур қўлнинг кўрсаткич бармоғига кийиладиган нохун билан турли услубда (торларни юқоридан ва пастдан уриб) чалинади. Танбур Ўзбекистонда бошқа торли чертма созлардан фарқли ўлароқ, диатоник товушқаторга эга. Танбурнинг торлари узун ва ингичка, пардалари йўғон (диаметри 3 мм гача) бўлганлигидан торни турлича куч билан босиб, товуш баландлигини ярим тонгача ўзгартириш мумкин. Мазкур йўл билан танбурда куйларга ўзига хос тебратма сайқал, нолалар берилади.

Таниқли ўзбек танбурчилар

Танбурнинг ўзига хос нозик ва таъсирчан овози, кенг диапазони туфайли Бухоро Шашмақоми ижросида асосий якканавоз ва (вокал қисмларда) жўрнавоз соз ҳисобланади. Танбунинг кенг бадиий имкониятлари Турғун Алиматов ва унинг шогирдлари талқинида намоён бўлмоқда. Ўзбек бастакорларидан Ҳожиабдулазиз Абдурасулов, Жўрахон Султонов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Орифхон Ҳотамов, композиторлардан Жалил Сайфи („Қалбимда“), М. Маҳмудов („Наво“ симфонияси), Мустафо Бафоев („Лисон уттайр“) ва бошқалар танбур имкониятларидан ижодий фойдаланишган.

Яна қаранг

Манбалар

Ҳаволалар