Kontent qismiga oʻtish
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦

Tarjima

ZiyoSfera, erkin ensiklopediya

Таржима – бир тилдаги матнни бошқа тилда қайта яратишдан иборат адабий ижод тури. Таржима – миллатлараро мулоқотнинг энг муҳим кўриниши. Аслият ва қайта тикланган матн хусусиятига қараб бадиий таржима, илмий таржима ва бошқа турларга ажратилади. Асл нусхани акс эттириш тарзига кўра тафсир, табдил, шарҳ каби кўринишларга ҳам эга бўлиши мумкин. Таржима қадимги даврларда, турли қабилага мансуб кишилар орасидаги ўзаро алоқа, мулоқот эҳтиёжи туфайли юзага келган. Тилмочлик деб аталадиган бу оғзаки тури ҳозир ҳам сақланиб қолган.

Замонлар оша таржимага бўлган талаблар янгилана боради. Аммо унинг ижодий характери, қайта яратиш санъати эканлиги ўзгармайди. Таржиманинг кўлами ва тараққиёти ҳар бир халқнинг маърифий даражасига боғлиқ ва ўз навбатида, у миллатнинг ижтимоий тафаккурига самарали таъсир этади. ,,Таржима" термини бир тилдан иккинчи тилга ўгириш жараёнини, шунингдек, тайёр таржима асарини англатади.

Бадиий таржиманинг асосий хусусияти тилнинг бадиий вазифасидан келиб чиқади. Тил бадиий асарда эстетик ҳодиса, санъат фактига айланади. Адабий асар тили – алоҳида ,,бадиий воқелик" унсуридир. Таржимада ана шу образли ифодавий тилдаги бадиий маънони бошқа тилнинг образли ифодавий заминига ўтказиш, образни образ билан қайта ифодалаш жараёни юз беради. Шунинг учун таржимон асардаги воқеаларнинг бадиий тафаккур жараёнини янгидан идрок этади. Замонавий таржима талабларига асосан таржимон аслиятнинг санъат асари сифатида шакл ва мазмун бирлигини қайта яратиши, миллий ва индивидуал хусусиятларини сақлаши лозим. Таржимон она тилининг ривожланиш даражаси, таржимачилик анъаналари, тажрибаларига суянади, турли хил тафовутларнинг мавжудлигини ҳисобга олади. Таржимоннинг ижодий қобилияти ва билими унинг имкониятларини кенгайтиради. Таржима жараёнида таржимон ҳамма вақт ўз она тилида фикрлайди, она тили унга таҳлил қуроли, синов мезони бўлиб хизмат қилади. Масалан, Низомийнинг ,,Хисрав ва Ширин" достонини ўгирган Қутб (,,…Низомий болидан ҳолва пишурдим") таржима нусха кўчириш каби бир иш бўлмай, ижодий жараён эканини, таржимон эса болдан ҳолва пиширувчи моҳир ёзувчи бўлиши кераклигини айтади. Турли даврларда муайян ҳудуддаги адабий муҳит, айниқса, махсус таржима мактабларининг юзага келганлигининг ўзиёқ унинг шаклланган тамойиллари, анъаналари бўлганлигини кўрсатади.

Ҳозиги даврда ҳар бир тараққий этган халқ жаҳондаги юзлаб халқлар тилидан ўз она тилига илм-фан ва маданиятнинг ўнлаб соҳаларига оид материалларни (лирик шеърлар, хабарлар, технология адабиёти ва бошқалар) таржима қилади.

Таржима нусха кўчириш эмас; таржимоннинг эстетик эҳтиёжи унинг ихтиёридан ташқари, Таржимада из қолдиради. Ёзувчи ҳаёт воқеаларидан олган мушоҳадаларини тилда бадиий ифодаласа, таржимон асл матнини янги тил воситасида қайта гавдалантиради. Бунинг учун у асарда тилга олинган воқеликнинг муаллиф даражасида пухта билиши керак. Ҳар бир халқ адабиётининг ривожланишида Таржимачиликнинг таъсири катта бўлади, зеро таржима тарихи адабиёт тарихи билан тенгдош. Ўзбек адабиётида ҳам таржимачилик қадимдан ривожланган. Маҳмуд Кошғарий, Рабғузий, Қутб, Навоий, Бобур, Мунис, Огаҳий ва бошқа ижодида таржима катта ўрин эгаллайди.

ХХ аср ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али ва бошқа бадиий таржима соҳасида ҳам самарали ижод қилганлар. Бадиий таржима соҳасида Миркарим Осим, Н. Алимуҳамедов, Ш. Шомуҳамедов, К. Қаҳҳорова, О. Шаропов, Ш. Толипов, В. Рўзиматов, Қ. Мирмуҳамедов, А. Рашидов, М. Ҳакимов, И. Ғафуров, М. Мирзоидов, Ҳ. Тўрабеков, Т. Алимов ва бошқа профессионал таржимон сифатида танилганлар. Ўзбек тилида илмий-техникавий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар Таржимачилигида ҳам катта ютуқларга эришилган. Бунда Р. Абдураҳмонов, В. Раҳимов, А. Шомаҳмудов, З. Тинчерова каби таржимонларнинг ҳиссаси катта.

Таржима амалиётини, унинг ўзига хосликларини, тарихини, тамойиллари, принсип ва қонуниятларини таржимашунослик фани ўрганади, таржимонга ўгириш учун асар танлаш, тиллараро тафовутлар ҳамда аслиятга хос бошқа хусусиятларни, миллий-адабий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда иш тутишда ёрдам беради. ХХ аср ўзбек адабиётида таржимашунослик махсус фан тармоғи сифатида юзага келди ва шаклланди. Чўлпон, Санжар Сиддиқ каби моҳир таржимонлар нафақат бу давр таржима адабиётини, айни пайтда таржимашунослик илмини ҳам бошлаб берганлар, таржима ҳақида мақола ва рисолалар битганлар.

Ўзбекистонда таржимашунослик махсус илм сифатида ўтган асрнинг 2-ярмидан шаклланди. Аср охирига келиб, бу соҳада 10 га яқин фан доктори, 50 дан ортиқ фан номзоди етишиб чиқди. Профессор Жуманиёз Шарипов тадқиқотларида асосан адабиётимиз тарихида таржиманинг ўрнини кўрсатишга бағишланган бўлса, профессор Ғайбулла Саломов асосан замонавий таржимашунослик масалалари билан шуғулланди, таржима жараёнига тил ҳамда адабий анъаналарнинг таъсирини кўрсатиб берди. Нажмиддин Комилов эса мумтоз жанрларнинг ўтмиш ва ҳозирги таржималарини тадқиқ этди.

Ўзбек таржимашунослиги асосан адабий йўналишда тараққий этган. Таржиманинг инсоний жиҳатлари кейинроқ – ўзбек тилига кўпгина хорижий тиллардан бевосита ўгиришга йўл очилганидан сўнг ривожлана бошлади.

Зуҳриддин Исомиддинов.